
Ўзбекистонда хусусий сектордаги аёллар ва ходимлар учун ижтимоий суғуртанинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 29 октябрь куни ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишди. Ҳукумат 2021 йилдаги 17%дан 2025 йилда 6,8% гача камбағаллик даражасининг пасайиши, кам таъминланган сифатида нафақа олаётган оилалар улушининг эса 14%дан 6,1% гача камайгани ҳақида ҳисобот берди. Тақдимот давомида фуқароларни, айниқса хусусий сектордагиларни ижтимоий ҳимоя механизмлари билан қамраб олишни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, бугунги кунда хусусий сектор ходимларининг муҳим қисми ҳомиладорлик, туғруқ, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшатиш билан боғлиқ ижтимоий тўловлар билан қамраб олинмаган.
Бунга иш берувчилар бундай тўловларни маҳсулот таннархини оширувчи ва унинг рақобатбардошлигини пасайтирувчи қўшимча юк сифатида қабул қилишлари сабаб бўлади. Шунингдек, ҳукумат бюджетдан қопланадиган нафақалар ҳозирча пастлигини тан олди, бу эса тизимни бизнес учун жозибадор қилмайди.
Шу билан бирга, тақдимот давомида таъкидланганидек, халқаро меҳнат стандартларига — хусусан, ХМТнинг «Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида»ги ва «Оналик муҳофазаси тўғрисида»ги конвенцияларига кўра — бундай тўловлар ижтимоий суғурта механизмлари орқали амалга оширилиши керак.
Нима ўзгаради
Режага кўра, барча расмий ишловчи фуқаролар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан тўловлар билан қамраб олинади. 2026 йилдан бошлаб жамғарма ҳомиладорлик ва туғруқ нафақаларини, 2026 йилнинг иккинчи ярмидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тўлашни бошлайди.
Президент таъкидлаганидек, янги тизимнинг асосий мақсади — нафақат аёллар ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, балки расмий меҳнат муносабатларини рағбатлантириш ҳамдир.
Тизим қандай ишлайди
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров янги тизимнинг мақсадлари ва механизмлари, шунингдек, унинг фуқаролар ва иқтисодиёт учун аҳамияти ҳақида батафсил сўзлаб берди.
«Ижтимоий суғурта тизими орқали катта миқдорда иш ўринлари яратилади. Бу тизим турли ижтимоий хавфлар, касаллик, ҳомиладорлик ва бошқа ҳаётий шароитларда фуқароларнинг моддий барқарорлиги ва ижтимоий ҳимояланганлигини сақлаб қолишга қаратилган», — деди Оллоёров.
У ижтимоий суғурта расмий меҳнат бозорини ривожлантиришга ва яширин иқтисодиётни камайтиришга ҳам ёрдам беришини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда ҳақ тўланадиган «больничный» варақалари сони 900 мингдан ошган. Шу билан бирга, поликлиникаларда аёллар учун 133 мингга яқин меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган бўлиб, улардан 115 мингтаси бюджет ташкилотлари ходимларига ва 15 мингдан сал кўпроғи хусусий сектор ходимларига тўғри келади.
«Агар хусусий секторда 3,6 миллионга яқин одам ишлаётганини ҳисобга олсак, ҳар йили камида 150–160 минг аёл декрет таътилига чиқади. Бироқ, улардан фақат 15 мингга яқини ижтимоий нафақа олади, бу эса қамров даражаси пастлигидан далолат беради», — деди.
Оллоёровнинг сўзларига кўра, бюджет ташкилотларида ишлаётган аёллар ижтимоий суғурта тизими ҳисобидан тўланадиган 126 кунлик ҳомиладорлик ва туғруқ нафақасига аллақачон эга.
«Янги тизим жорий этилиши билан 1 январдан бошлаб хусусий секторда ишловчи аёллар ҳам ижтимоий суғурта механизми орқали ҳомиладорлик ва туғруқ нафақаларини олишлари мумкин бўлади. Нафақа миқдори иш стажига, шунингдек, тўланган ижтимоий ва даромад солиқларига боғлиқ бўлади», — дея тушунтирди агентлик раҳбари.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизликни компенсация қилиш механизми жорий этилади.
«Ёлланма ишчи касал бўлган ёки вақтинча меҳнатга лаёқатини йўқотган тақдирда даромадни йўқотмайди. Унга йўқотган иш ҳақини компенсация қилувчи ижтимоий суғурта тизими орқали нафақа берилади», — деди агентлик раҳбари.
Тизимнинг биринчи йилида тахминан 1,6 миллионта «больничный» варақаси расмийлаштирилиши кутилмоқда, улардан 650 мингга яқини бюджет ташкилотлари ходимлари ва тахминан шунчаси хусусий сектор ходимлари.
Унинг сўзларига кўра, президент тақдим этилган таклифларни маъқуллади ва ижтимоий суғурта тизимини рақамлаштириш, унинг шаффофлигини ва нафақаларни проактив (аризачилар мурожаатисиз, автоматик) тайинланишини таъминлаш бўйича топшириқ берди.
Хусусий секторда ишлайдиган аёлларга «декрет» пулларининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тизими 2022 йил сентябридан жорий этилган эди. Тўлов минимал истеъмол харажатлари суммасининг 4 баробарини (2,59 млн сўм) ташкил этади. Бироқ, бу дастур учун бюджетдан ажратилган маблағларни ўзлаштириш даражаси жуда паст. Шунга кўра, ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан йилга қисқариб бормоқда.
Масалан, 2023 йилда 300 млрд сўм ажратиш режалаштирилган бўлса, амалда атиги 11% ўзлаштирилган. 2024 йил учун бюджет 3 баробар — 100 млрд сўмгача қисқартирилган, лекин 9 ой ичида бу сумманинг 30% ўзлаштирилган. Айнан маблағларни ўзлаштириш даражаси пастлиги сабабли 2025 йил учун бор-йўғи 40 млрд сўм маблағ ажратилган.
Ўзлаштиришнинг паст даражаси аёлларнинг хусусий секторда ҳали ҳам меҳнат шартномасисиз ишлашда давом этиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«Хусусий сектордаги аёлларнинг аксарияти меҳнат шартномасисиз ишлайди деб тахмин қиламан. Бундан ташқари, бюрократия ҳам бор. Пул олиш учун корхона бухгалтери баъзи ҳужжатларни тайёрлаши керак. Эҳтимол, буни эринчоқликдан қилмайдилар», — дея қайд этган эди собиқ депутат Дониёр Ғаниев.

