«Ўша пайтдаги маошимни раҳбарларнинг ҳозирги маоши билан солиштирсак — ер билан осмонча фарқи бор» — Президент

Барча даражадаги раҳбарлар, жумладан, туман ҳокимларининг иш ҳақи оширилди ва бу уларнинг зиммасига иш натижалари учун юқори масъулият юклайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида маълум қилди.

«Мен ҳамма раҳбарларнинг, туман ҳокимларигача иш ҳақини оширдим. Ўзим туман ҳокими, вилоят ҳокими, Бош вазир бўлганман. Ўша пайтдаги маошимни раҳбарларнинг ҳозирги маоши билан солиштирсак — ер билан осмонча фарқи бор», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори оширилганидан кейин раҳбарларга қўйиладиган талаблар ижро этилиши мажбурий бўлади.

«Шунинг учун ҳаммамиз шукроналик билан ишлашимиз керак. Агар мен ойликларни тартибга солмаганимда, бу гапларни айтмаган бўлардим. Энди бу ҳамма учун мажбурий», — деб таъкидлади Президент.

Мирзиёев янги бошқарув ва назорат тизими истисносиз ҳамма томонидан қабул қилиниши кераклигини айтди.

«Ҳозир ҳамма — вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам, барча раҳбарлар ҳам янги тизимга рози бўлиши керак», — деди.

Давлат раҳбари аввалроқ 2026 йилдан Ўзбекистонда «Электрон ҳукумат» янгиланишини маълум қилган эди: 1000 дан ортиқ давлат хизматлари, 240 та маълумотлар базаси ва 100 мингдан зиёд давлат хизматчиларининг ваколатлари ягона платформада бирлаштирилади. Топшириқлар ижросини назорат қилиш сунъий интеллектга топширилади. «Энди ҳеч ким ҳеч қаерга беркина олмайди», — деди Президент.

У коррупцияни мамлакат ривожланиши йўлидаги асосий таҳдид деб атади ва 2026 йилдан коррупцияга қарши назоратнинг янги тизимини эълон қилди. У 1 январдан барча идораларда пайдо бўлади. «Менда лавозим ва унвон бор, менга ҳеч ким тегмайди», деб ўйлайдиганлар адашади», — дея огоҳлантирди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 августдан Ўзбекистоннинг барча вилоят ва туман ҳокимликларида иш ҳақи оширилган, шунингдек, устама ва бонуслар жорий этилган эди.