Давлат харидларида импорт электр техникасига маҳаллий муқобил маҳсулот борлиги текширилади

2026 йил 1 январдан бошлаб Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази электротехника маҳсулотларини давлат харидлари бўйича ҳужжатларни экспертизадан ўтказишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда ўхшаш товарлар мавжудлигини текширади ва натижаларни эксперт хулосасида акс эттиради. Бу Ўзбекистон президентининг 2025 йил 15 октябрдаги қарорида назарда тутилган.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга мис сим ярим тайёр маҳсулотлари ва мисдан тайёрланган буюмлар экспортини, шунингдек, электр трансформаторлари, яримўтказгичли қурилмалар ва изоляцияланган симлар импортини батафсил таҳлил қилиш топширилди.

Зарурат бўлганда, комиссия тегишли божхона божлари ставкаларига вақтинчалик ўзгартиришлар киритиши керак. Бунда божлар божхона ҳудудида қайта ишланган маҳсулотларга татбиқ этилмайди.

2026 йилдан бошлаб компаниялар мисдан тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилишда божхона юк декларациясида қўшимча техник параметрларни: диаметр, қалинлик, узунлик, қоплама ва мис миқдорини кўрсатишга мажбур.

Ҳужжатда электротехника маҳсулотлари ҳажмини ошириш ҳам кўзда тутилган. Ҳозирги экспорт ҳажми $970 млн.ни ташкил этади, 2025 йил охиригача $1,7 млрд.га, 2026 йил охиригача эса $3 млрд.га етказиш режалаштирилган. Экспорт географиясини 80 та давлатгача кенгайтириш режалаштирилган.