
Барқарор иқтисодий ўсиш шароитида Ўзбекистон йирик инвестицияларга, жумладан, ташқи қарзлар ҳисобига ҳам эҳтиёж сезади. Бу ҳақда 2025 йил 3 июнь куни Олий Мажлис депутатлари олдида нутқ сўзлаган Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
«Ҳозир ижтимоий тармоқларда давлат қарзи мавзуси фаол муҳокама қилинмоқда. Албатта, ўсаётган иқтисодиёт шароитида Ўзбекистон ҳам инфратузилма лойиҳалари, ҳам ижтимоий соҳа учун сезиларли молиявий ресурсларга эҳтиёж сезади. Мамлакатга катта ҳажмда ташқи инвестициялар, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида хусусий инвестициялар кириб келмоқда», — деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, давлат вазифаларини бажариш, жумладан, транспорт тармоқлари, сув таъминоти, энергетика, аэропортлар, темир йўллар ва автомобиль йўлларини ривожлантириш молиялаштиришни талаб қилади. «Шунингдек, мамлакат мудофаа қобилиятини таъминлаш, чегаралар хавфсизлиги учун харажатлар доимо ташқи қарз ҳисобидан қисман қопланишини талаб этади», — дея қўшимча қилди.
Ипотека қурилиши дастурига изоҳ бераркан, Қўчқоров мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кўп қаватли уйлар қурилаётганини таъкидлади.
«Уларни давлат ташкилотлари эмас, тадбиркорлар қурмоқда. Шу билан бирга, одамлар бу квартираларни ипотекага сотиб олмоқда. Лекин ипотека кредитларининг муддати узоқ. Банклар узоқ муддатли кредитлар бериши учун эса, улар ресурсларни, жумладан, ташқи қарз ҳисобидан ҳам оладилар», — дея тушунтирди.
Рақамлар
Вазирнинг маълумотларига кўра, 2024 йил охири ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 40,2 млрд долларни ташкил этган, шундан 33,7 млрд — ташқи қарз, 6,5 млрд — ички қарз. Бу ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 35%ни ташкил этади.
Унинг сўзларига кўра, Халқаро валюта фонди ташкилотга аъзо мамлакатларда «диагностика» ўтказади. 2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра, умумий қарз 42,4 млрд долларгача (ташқи — 35,6 млрд, ички — 6,9 млрд) ўсган, бу кутилаётган ЯИМнинг 33,5%ни ташкил этади.
Халқаро стандартларга кўра, бу даража ўртача ҳисобланади, деди бош вазир ўринбосари. Бундан ташқари, давлат қарзи тўғрисидаги қонунга мувофиқ, чегара даражаси — ЯИМнинг 60%дан юқори эмас — белгиланган. «Бугун биз бу чегарадан деярли икки баравар пастдамиз», — дея таъкидлади Қўчқоров.
Унинг қайд этишича, ҳар бир доллар қарз «алоҳида эҳтиёткорлик билан кўриб чиқилади».
«Бу бизнинг мамлакатимизда давлат бошқаруви тамойили: агар қарз жалб этилса, ҳар бир доллар нима учун ва қайси мақсадларда жалб этилаётганини билиш керак. Буларнинг барчаси катта текширувдан ўтади», — деди вазир.
«Уятли ҳеч нарса йўқ»
Қўчқоров ташқи қарз ҳисобига ҳам шаҳарларда, ҳам қишлоқларда кенг кўламли ободонлаштириш лойиҳалари амалга оширилаётганини қўшимча қилди.
«Бунда, айтиш мумкинки, уятли ҳеч нарса йўқ ва муаммоли ҳеч нарса йўқ. Қарзнинг ўсиши ҳақида гапираётганлар, шунингдек, Ўзбекистон ЯИМ бугунги кунда 115 млрд долларга етганини ҳам ҳисобга олишлари керак», — дея хулоса қилди у.
Давлат қарзи ҳақида
Давлат қарзи мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон томонидан, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун муҳим восита сифатида жалб этилади, айниқса жорий бюджет даромадлари устувор вазифаларни молиялаштириш учун етарли бўлмаганда. Халқаро амалиётда қарзлар мақсад эмас, балки ўсиш ва барқарорликни таъминлаш воситаси сифатида ишлатилади.
Молия вазирининг собиқ ўринбосари Одилбек Исоқов мамлакат нима учун ташқи молиялаштиришни жалб этишини тушунтирган эди. Унинг сўзларига кўра, йирик капитал талаб қилувчи лойиҳалар учун ташқи қарз жалб қилиш табиий ҳол.
У уй-жой ва автомобиль сотиб олиш учун ипотека ва автокредит олувчи фуқаролар мисолида тушунтирган, чунки уларда йирик харидлар учун жорий маблағлар етарли эмас. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизация қилиш учун қарз жалб қилувчи корхоналарда ҳам худди шундай.
Шу билан бирга, у шаффофлик, жамоатчилик назорати ва маблағларни самарали сарфлаш муҳимлигини таъкидлаган.
«Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, давлат органлари, бюджет ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳамда бошқа компаниялар ҳар чоракда ўз сайтларида давлат қарзи ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар ва ўзлаштирилган маблағлар, шунингдек, якунланган лойиҳалар бўйича эришилган натижалар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиши керак. Бироқ, барча вазирлик ва идоралар бу талабни бажармайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аввалроқ мунтазам равишда қарз даражаси ва қарзларни жалб қилиш бўйича тузилган келишувлар рўйхати (кредитор, сумма, фоиз ставкаси ва қарз муддати, шунингдек, ваколатли вазирлик ва идора кўрсатилган ҳолда) ҳақида изоҳлар эълон қилган эди. Бугунги кунда давлат қарзи ҳақидаги маълумотлар очиқланмоқда, аммо келишувлар рўйхати эълон қилинмай қўйди.