Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 10/12/2025

Президент: Фуқароларни эшита олиш давлат органлари фаолиятининг бош тамойили бўлиши керак

Халқ билан мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш, фуқароларни эшита олиш ва уларнинг фикрини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилиш давлат органлари фаолиятининг бош тамойили бўлиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 3 декабрь куни давлат органларининг аҳоли билан коммуникация самарадорлигига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбари мамлакатдаги ўзгаришлар фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари имкониятларини кенгайтириш ва улар фаолиятига замонавий ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш учун уни чуқур ўрганиш билан бирга олиб борилиши кераклигини таъкидлади.

Аҳолининг кайфияти, эҳтиёжлари ва кутилмаларини аниқ ва ҳар томонлама тушуниш учун замонавий профессионал социологик ва таҳлилий усуллардан фойдаланиш керак, деди президент. У буни ислоҳотлар натижадорлиги ҳақида объектив маълумот олиш ва узоқ муддатли ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш учун муҳим омил деб атади.

Шавкат Мирзиёев ҳокимият ва бошқарув органларининг асосий вазифаларидан бири нафақат мурожаатларга тезкорлик билан жавоб бериш, балки уларни тизимли таҳлил қилиш, социологик тадқиқотлар натижалари билан солиштириш ва зарур қарорларни ишлаб чиқиш, умуман олганда, мулоқот сифатини ошириш ва давлат билан жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашдан иборат эканлигини такрорлади.

2025 йил июнь ойида президент Халқ қабулхоналари ишини танқид қилиб, улар мурожаатларни давлат органларига йўналтирувчи «диспетчерлик»ка айланиб қолганини айтган эди. Ўтган йили қабул қилинган мурожаатларнинг ярмидан кўпи ҳал этилмаган. Ўшанда у қабулхоналарнинг барча ходимларини «муаммоларни ҳал қила оладиган кадрлар»га алмаштириш ва қабулхоналарга раҳбарликни вилоят ва туман ҳокимлари зиммасига юклаш ҳақида хабар берган эди.