
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 октябрь куни Республика ижро этувчи ҳокимият органларида уларнинг фаолиятини рақамлаштириш ҳисобига бошқарув штат бирликларини қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ижро этувчи ҳокимият органларида 2141 та бошқарув лавозими қисқартирилади. Энг кўп қисқартиришлар қуйидаги давлат органларида амалга оширилади:
- Солиқ қўмитаси — 498 та бирлик;
- Сув хўжалиги вазирлиги — 224 та;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — 218 та;
- Адлия вазирлиги — 197 та;
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги — 176 та;
- Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги — 163 та.Бундан ташқари, қўмиталардаги (11 тадан 4 та), агентликлардаги (12 тадан 6 та) ва инспекциялардаги (13 тадан 6 та) раҳбар ўринбосарларининг 16 та лавозими тугатилади.
Оптималлаштиришдан сўнг давлат органлари бошқарув ходимларининг энг юқори сони 46 989 кишини ташкил этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг акциядорлари (иштирокчилари) умумий йиғилишларида қуйидаги ташаббус билан чиқиш топширилди:
- раҳбар ўринбосари лавозимларидан камида биттасини қисқартириш;
- бошқарув ходимлари сонини 10% гача оптималлаштириш.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда лавозими қисқартирилаётган ходимларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказларининг фаолияти ҳам тугатилади. Уларнинг функциялари озод қилинган фуқароларга бир марталик нафақа тўлаш механизмини жорий этаётган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида Президент фармони билан вазирлик ва идораларнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари сони 2845 бирликка (5,2%) қисқартирилиб, 53560 кишини ташкил этган эди. Кейин 2025 йил июнь ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида қисқартиришлар амалга оширилган. Июль ойида эса ҳукумат ижро аппаратининг штат тузилмалари қайта кўриб чиқилган.
2025 йил февраль ойида давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов Президент Администрацияси штати 50%га қисқартирилгани ҳақидаги маълумотлар «расман тасдиқланмаган»лигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу жараённинг ҳажми ва кўлами тегишли тадқиқот ва таҳлиллар ўтказилгандан кейингина аён бўлади.