Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 15/10/2025

Ўзбекистонда давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва ижро этиш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 октябрь куни давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан 29 апрелда маъқулланган.

Давлат мудофаа буюртмаси — бу Ўзбекистон Қуролли Кучларини жиҳозлаш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулотларни харид қилишга доир давлат буюртмаси.

Ҳужжатга кўра, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва ижро этиш мамлакатнинг миллий манфаатлари, дунёдаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, ҳарбий соҳадаги миллий хавфсизликка таҳдидлар даражаси ва замонавий ҳарбий можаролар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Давлат томонидан қўриқланадиган шахслар хавфсизлигини ва давлат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган икки мақсадли маҳсулотларга доир буюртмалар ушбу қонун таъсири доирасига кирмайди.

Давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ваколатли давлат органи — Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ҳисобланади.

Буюртмани шакллантириш ҳар йили 1 июлгача буюртмачилар томонидан аризалар тақдим этишдан бошланади. Бу аризалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилади ва тегишли вазирликлар раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

Буюртма лойиҳаси давлат комиссияси қарори билан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Тасдиқланган буюртма навбатдаги йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳисобга олинади.

Ишлаб чиқарилиши Ўзбекистонда йўлга қўйилмаган ёки сифати ва техник хусусиятлари бўйича техник топшириқ талабларига мос келмайдиган ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулотлар ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ягона агент томонидан импорт қилинади.

Ягона агент буюртма доирасида хорижий корхоналар ва ташкилотлар билан импорт шартномаларини (контрактларини) тузади.

Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва бажариш жараёнида унинг барча иштирокчилари давлат сири тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилишга мажбурдирлар.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.