Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (The IFAB) 2025/26 йилги мавсум учун ўйин қоидаларига бир қатор ўзгартишларни тасдиқлади. Синовлар давомида дарвозабонлар тўпни узоқ ушлаб туриши бўйича ижобий натижалар қайд этилганидан сўнг, The IFAB бир овоздан 12.2-қоида (Билвосита жарима зарбаси) га ўзгартириш киритишга қарор қилди. Бу ўзгартишга кўра, агар дарвозабон тўпни саккиз сониядан ортиқ ушлаб турса (бош ҳакам 3 секунддан сўнг беш сониялик визуал саноқни қўллаган ҳолда қайта ҳисобни бошлайди), рақиб жамоага бурчак зарбаси берилади.
Шунингдек, 139-йиллик умумий йиғилишда (AGM), Ирландия Футбол Ассоциацияси (IFA) томонидан Белфаст (Шимолий Ирландия) шаҳрида ўтказилган йиғилишда қуйидаги қарорлар қабул қилинди:
3.10-қоида (Жамоа сардори):
Белгиланган мусобақаларда фақат жамоа сардорининг ҳакамга мурожаат қилиш принципини татбиқ қилиш бўйича кўрсатмалар қўшилди. Бу ўтган йили бир қатор мусобақаларда муваффақиятли қўлланилган. The IFAB ҳакамлар ва сардорлар ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик ва мулоқот ҳакамларга нисбатан оғзаки ёки жисмоний босимни камайтиришини ва ўйинда адолат ҳамда ўзаро ҳурматни оширишини таъкидлади. Шу муносабат билан, мусобақа ташкилотчилари, футболчилар ва ҳакамлар бу кўрсатмаларга риоя қилиш учун ҳамкорлик қилишлари зарурлиги айтилди.
1 июль 2025 йилдан амалга кирувчи ўзгартиришлар:
- 8.2-қоида (Тўпни тушириш): Агар ўйин тўп жазо майдони ташқарисида тўхтатилган бўлса, ҳакам тўпни аниқ эгалик қилаётган ёки эгалик қилиши эҳтимоли юқори бўлган жамоага туширади. Агар бу аниқ бўлмаса, у ҳолда сўнгги маротаба тўпга теккан жамоага берилади. Тўп ўйин тўхтатилган жойда туширилади.
- 9.2-қоида (Тўп ўйинда): Агар жамоа расмийси, захирадаги, алмаштирилган ёки четлатилган ўйинчи, ёки вақтинчалик майдон ташқарисида бўлган ўйинчи тўпга тўғридан-тўғри таъсир қилмаса, аммо у майдонни тарк этаётганда унга тегса, бу ҳолатда жарима чораси қўлланилмайди (яъни “карточка кўрсатилмайди”) ва рақиб жамоага билвосита жарима зарбаси берилади.
- VAR протоколи: Барча мусобақалар ҳакамга VAR кўриб чиқишидан сўнг ёки узоқ давом этган VAR текширувидан кейин эълон қилиш имкониятини бериш ҳуқуқига эга.
- Ҳакамлар учун амалий кўрсатмалар: VAR гол бор-йўқлиги ва дарвозабоннинг хатоси бўйича мониторинг қилиш пайтида, ёрдамчи ҳакам пенальти белгиси чизиғида жойлашиши лозим.
Ушбу ўзгартиришлар 2025 йилнинг 14 июнь куни бошланадиган FIFA Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 2025 мусобақасидан қўлланила бошлайди.
Ҳакамлар учун бадандор камера синовлари
The IFAB ҳакамлар учун бадандор камераларни футбол таълими ва тренинг мақсадида чекланган миқдорда олиб борилган мусобақаларда самарали натижа берганини қайд этди. FIFA бу технологияни ўз мусобақаларида, жумладан, FIFA Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қўллаш ва трансляция жараёнига жорий қилиш ниятини билдирди.
Англиядаги маҳаллий мусобақаларда ҳакамлар учун бадандор камералар муваффақиятли синовдан ўтказилгани сабабли, бу тажрибани янада кенгайтириш таклиф қилинди.
Офсайд ва видео технологиялар борасидаги синовлар
The IFAB ҳужумкор футболни ривожлантириш ва гол уриш имкониятларини ошириш мақсадида офсайд қоидалари бўйича қўшимча синовлар ўтказишни мақсад қилган мусобақаларни топишга қарор қилди. FIFA ушбу синовларни ўз мусобақаларида ташкил этади.
Шунингдек, FIFA 2024 йилда бир неча мусобақада синовдан ўтказилган ва камералар сони кам бўлган ҳолда ишлайдиган Football Video Support тизими бўйича ижобий натижалар қайд этилганини маълум қилди. Шунинг учун ушбу тизим янада кўпроқ мусобақаларда синовдан ўтказилади.
Ҳимоя ва хавфсизлик чора-тадбирлари
FIFA майдондаги хулқ-атворни яхшилаш бўйича олиб борилаётган синовлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, “Шубҳа қил ва ҳимояла” (Suspect and Protect) лойиҳаси доирасида жароҳатлар ва мия чайқалишига оид онглиликни ошириш кампанияси кенгайиб бораётгани ҳақида хабар берилди. Ушбу ташаббус FIFAга аъзо барча конфедерациялардаги миллий федерацияларга тарғиб қилинмоқда.
Йиғилиш IFA раислигида ўтказилиб, FIFA, Англия Футбол Ассоциацияси (FA), Шотландия Футбол Ассоциацияси (Scottish FA), Уэльс Футбол Ассоциацияси (FAW) ва The IFAB маъмурияти вакиллари иштирок этди.