Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 25/02/2026

Давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қайси босқичда? Адлия вазирининг жавоби

Давлат хизматчиларининг активлари ва даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясига киритилмади. 2026 йил 20 февраль куни стратегия тақдимотига бағишланган матбуот анжуманида масала кўтарилди.

2026 йил 6 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов ҳужжатни такомиллаштириш ишлари якунланганини, уни жамоатчилик муҳокамасига чиқариш энди Адлия вазирлигига боғлиқ эканини айтган эди.

Адлия вазири Акбар Тошқулов саволга жавоб берар экан, ҳужжат келиб тушганидан хабари йўқлигини, лекин бунга аниқлик киритишга ваъда беришини айтди.

«Бизга юборилганидан хабарим йўқ… Буни аниқлаштирамиз. Буни улар (Коррупцияга қарши курашиш агентлиги — таҳр.) ишлаб чиқишган. Бизга кунига 50−60 та қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари келиб тушади. Бизда электрон тизим [ҳужжатларни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиш regulation.gov.uz] бор. Ҳужжатлар раҳбариятга эмас, тизим орқали ходимларга келиб тушади. Тегишли расмийлаштиришдан сўнг ходимларимиз тугмани босишади ва [лойиҳалар] муҳокамага чиқади», — деди.

Қайд этиш жоизки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш project.gov.uz (ҳозирда — loyiha.adliya.uz) электрон платформасида амалга оширилади. НҲҲ лойиҳаси матнини regulation.gov.uz порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштириш ушбу платформа орқали амалга оширилади. Адлия вазирлигида модерациядан ўтгандан сўнг ҳужжат оммавий сайтда кўринади.

Шу матбуот анжуманида Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров «даромадларни умумий декларация қилиш» тартиби 2019 йилда қабул қилинган Солиқ кодексида аллақачон кўзда тутилганини таъкидлади. У давлат хизматчилари учун алоҳида қонун керакми, деган масалани шубҳа остига қўйди.

«Менимча, ҳозир муаммо қонун йўқлигида эмас, балки унинг қўлланилмаётганида», — деди.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш агентлиги президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор.

Якунланмаган ислоҳот

Эслатиб ўтамиз, даромадларни декларация қилишни кўзда тутувчи давлат хизмати тўғрисидаги қонунни ҳали 2017 йил сентябрида қабул қилиш режалаштирилган эди, бироқ бу муддат бир неча бор орқага сурилди. 2020 йил 1 январь ва 2021 йил 1 январь муддатлари тилга олинган эди.

2021 йил май ойи охирида Акмал Бурхонов Президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқ берганини маълум қилди.

Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ишга тушиши керак эди.

2021 йил 13 ноябрда қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди. 2022 йил август ойида Акмал Бурхонов қонун лойиҳаси ва даромадларни декларация қилиш тизими тайёр эканини таъкидлаган эди. Кейинроқ у қонун лойиҳаси халқаро ташкилотларнинг эътирозлари сабабли такомиллаштирилаётганини қўшимча қилди.

2024 йилда Антикоррупция агентлиги раҳбари қонун лойиҳаси деярли тайёр эканини — у вазирлик ва идоралар билан келишилгани ва Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтганини маълум қилган.

2025 йил март ойида Президент даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қисқа муддатда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилишни ва 1 апрелгача кўриб чиқиш учун киритишни топширди, бироқ бу амалга ошмади.