
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 декабрь куни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кенгайтириш ҳамда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича таклифлар билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Кам таъминланган ва камбағаллик хавфи остидаги оилаларни аниқлаш, шунингдек, аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ягона тизим асосида ижтимоий ёрдам ва хизматларни ташкил этиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Ижтимоий ҳимоя ягона реестри доирасида 1,8 миллион оиланинг ижтимоий аҳволи баҳоланди, улардан 739 мингтаси, жумладан, кам таъминланган ва камбағаллик чегарасидаги оилалар реестрга киритилди. Уларга нафақалар ва турли кўринишдаги моддий ёрдамлар тайинланди.
Эндиликда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестри асосида Ижтимоий реестр шакллантириш режалаштирилган. Унда оилалар ижтимоий-иқтисодий аҳволига кўра — давлат таъминотидаги оилалар, кам таъминланган оилалар ва камбағаллик чегарасидаги оилаларга таснифланади. Ҳар бир тоифа учун тегишли қўллаб-қувватлаш чоралари ва ижтимоий хизмат турлари белгиланади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш аҳолининг даромад даражаси ва бандлик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда табақалаштирилган ёндашув асосида амалга оширилади.
Хусусан, имконияти чекланган айрим тоифадаги оилалар учун мажбурий бандлик талабини қўймасдан ижтимоий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, «маҳалла еттилиги»га меҳнат лаёқати чекланган аъзолари бўлган ёки мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, реестрга киритилган оилалар учун даромадларни ошириш, соғлиқни сақлаш, бандлик, уй-жой билан таъминлаш ва бошқа йўналишларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш, оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини бандлик ва тадбиркорликка жалб қилиш чоралари кўрилади.
Муҳтож аҳоли учун ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кенгайтириш мақсадида ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этиш таклиф этилди. 2026–2027 йилларда 20 та шундай марказ очиш режалаштирилган. Уларда парваришлаш, кузатиб бориш, абилитация, реабилитация ва ўқитиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатилади.
Ушбу марказлар орқали ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар ва ёлғиз шахсларни қамраб олиш кўзда тутилмоқда. Кундузги хизмат кўрсатиш шаклларини ривожлантириш ҳисобига уларни ижтимоий муассасаларга доимий жойлаштиришни қисқартириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, хизматларни олиш жараёнларини рақамлаштириш, электрон йўлланмаларни жорий этиш ва кўрсатилаётган ёрдам сифатини доимий мониторинг қилишни таъминлаш кўзда тутилган.
Президентга 2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ҳақида ҳам маълумот берилди. Унинг асосий мақсади болалар учун хавфсиз ва зўравонликдан холи муҳит яратиш, хавф гуруҳидаги болаларни эрта аниқлаш, шунингдек, зўравонлик қурбони ёки гувоҳи бўлган болаларга комплекс ёрдам кўрсатишдан иборат.
Стратегиянинг устувор йўналишлари — болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, хавф гуруҳидаги оилалар ва болалар билан эрта ишлаш, шунингдек, болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий, психологик, таълим ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатишдир.
Ҳужжатда болалар билан ишлаш бўйича кичик форматдаги «очиқ» марказларни жорий этиш, ҳар бир бола бўйича индивидуал режалар ишлаб чиқиш, шунингдек, болаларнинг таълим олиши ва ижтимоий интеграциясини таъминлаш чоралари кўзда тутилган.
Болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш учун процессуал ҳаракатларда бола манфаатларини кафолатлаш, болалар билан ишловчи мутахассисларни махсус тайёрлаш ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари бўйича идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган.
Бундан ташқари, стратегияда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни таълим билан қамраб олишни кенгайтириш, муқобил жойлаштириш механизмларини ривожлантириш, касбга йўналтириш ва болаларни ижтимоий мослаштириш чоралари назарда тутилган.
Оилалар билан ишлашда болаларга нисбатан зўравонлик хавфини камайтириш, ота-оналарни қўллаб-қувватлаш, психологик ва ижтимоий ёрдам ташкил этиш вазифалари белгилаб берилган.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ягона электрон платформа шакллантирилади, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг ягона тизими жорий этилади.
Президент мутасадди идораларга ижтимоий ҳимоя ва болаларни ҳимоя қилиш соҳаларидаги вазифаларни амалга оширишга тизимли ёндашиш, шунингдек, кўзда тутилган чора-тадбирлар ижросини доимий назоратда сақлаш бўйича топшириқлар берди.

