
2026 йил апрелдан бошлаб Ўзбекистонда фуқаролар томонидан ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ўсадиган аҳоли пунктларидаги ер майдонларини олиб қўйиш ёки бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик тақиқини қўйиш бўйича ташаббус киритиш имконияти яратилади. Бу Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, фуқаро давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ташаббус билан мурожаат қилиши мумкин.
Дарахтлар билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг камида 10% тақиқ қўйилишига розилик билдирган тақдирда, Экология қўмитаси ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ қўйиши шарт бўлади.
Кадастр агентлиги тегишли майдон хусусий мулк эмаслигини ёки ерларнинг бошқа тоифасига кирмаслигини ўрганиб чиқади ва Экология қўмитаси томонидан қўйилган тақиқни рўйхатга олади.

