
Дания ҳукумати 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни чеклашни режалаштирмоқда, деб хабар беради Associated Press.
2025 йил ноябрь ойида Дания ҳукумати тақиқни келишиб олди, у 2026 йилнинг ўрталарида кучга кириши мумкин. Дания ижтимоий тармоқларга қарши бундай кенг кўламли чекловларни жорий қилган Европадаги биринчи давлат бўлади, дейилади AP хабарида.
Шу билан бирга, ҳукумат ота-оналарга 13 ёшгача бўлган болаларга муайян платформаларга киришга рухсат бериш ҳуқуқини қолдирмоқчи.
Кўпгина платформалар 13 ёшгача бўлган болаларнинг рўйхатдан ўтишини шундоқ ҳам тақиқлайди. Евроиттифоқнинг амалдаги қонунчилиги технологик компаниялардан ёшларни номақбул контентдан ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилади, бироқ амалдаги чекловлар самарасиз, деб ёзади агентлик. Масалан, Дания ҳукумати маълумотларига кўра, чекловларга қарамай, 13 ёшгача бўлган болаларнинг тахминан 98 фоизи ва 10 ёшга тўлмаганларнинг деярли 50 фоизи камида битта ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтган.
Дания рақамлаштириш вазири Каролина Стаге ижтимоий тармоқларни тақиқлаш бўйича маслаҳатлашувлар ҳали ҳам давом этаётганини ва қонун қабул қилинишидан олдин парламентда бир неча ўқишдан ўтишини билдирди.
«Биз ижтимоий тармоқларга жуда узоқ вақт давомида тўлиқ эркинлик бердик. Ҳеч қандай чекловлар бўлмаган», — деди Стаге ўтган ой AP нашрига берган интервюсида.
Таклиф этилаётган тақиқ айнан қандай амалга оширилиши ва қайси ижтимоий тармоқларга таъсир қилиши ҳозирча номаълум.
2025 йил 10 декабрдан бошлаб Австралияда 16 ёшгача бўлган шахслар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун кучга кирди. Бу дунёда ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тўлиқ чеклайдиган биринчи қонун. Тақиқ TikTok, Snapchat, YouTube, X, Facebook ва Instagram каби 10 та йирик платформани қамраб олди. Болалар ва ўсмирларнинг профиллари ўчирилмаган ижтимоий тармоқлар эгалари 50 миллион Австралия долларигача (33 миллион АҚШ доллари) жаримага тортилади.