Фарғона вилоятида Damas ҳайдовчиси 9 ёшли болани уриб юборди ва бола ҳалок бўлди (видео)

Фарғона вилояти Қува туманида Damas рулидаги ҳайдовчи 9 ёшли болани уриб юборди. Бу ҳақда Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастури хабар бермоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаси D-105 автомобиль йўлининг 182-километрида, бола мактабга кетаётган вақтда тахминан соат 7:30 да содир бўлган.

Ишончнома асосида ўзига бириктирилган автомобилни бошқариб келаётган 21 ёшли ҳайдовчи йўлни тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан (светофорсиз) кесиб ўтаётган 66-мактабнинг учинчи синф ўқувчисини уриб юборган.

Телеканал маълумотларига кўра, авария жойидан унча узоқ бўлмаган «Қайирма» маҳалласида, Андижон–Фарғона ҳалқа автомобиль йўли участкаси ёнида мактаб жойлашган. Ўша пайтда бу йўлдан болалар ўқув муассасасига кетишаётган эди.

Бола Қува тумани марказий шифохонасига олиб борилган ва у ерда биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, бола вафот этди.

«Мен йўл четида кетаётган эдим. Кейин бошқа йўлакка ўтдим. Ўша пайтда бошқа томондан битта машина бурилаётган эди. Диққатим унга бўлинди ва пиёдани пайқамай қолдим. Кейин бир бола йўлга югуриб чиқди ва мен уни уриб юбордим», — деди ҳайдовчи.

Унинг сўзларига кўра, болани тўқнашувдан тахминан 15 метр олдин пайқаган. Унинг баҳолашича, ҳаракат тезлиги тахминан 40–50 км/соатни ташкил этган.

Қува тумани ИИБ Тергов бўлими Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши) бўйича жиноий иш қўзғатди.

Дастлабки тергов олиб борилмоқда. Гумонланувчи ҳибсга олинган.