
Тошкентдаги бозорлар ва савдо комплексларида дам олиш кунлари енгил автомобиллар учун тўхташ вақти 2 соатдан ошса, тўлов нархи кескин оширилди. Бу пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 2025 йил 18 ноябрдаги қарорида назарда тутилган бўлиб, унда бозорлар ва савдо комплекслари маъмуриятлари томонидан олинадиган йиғимларга ўзгартиришлар киритилган.
Автотураргоҳнинг янги нархи:
- 3 соатгача — 25 минг сўм (иш кунлари — 10 минг);
- 4 соатгача — 35 минг сўм (иш кунлари — 14 минг);
- 4 соатдан кўп — 50 минг сўм (иш кунлари — 15 минг).
Ҳафтанинг барча кунларида тўхташ жойи учун тўлов: 20 дақиқагача — 5000 сўм, 40 дақиқагача — 7000, 1 соатгача — 8000, 2 соатгача — 9000 сўмни ташкил этади.
Юк машиналари учун тўхташ жойи тўлови ўзгармаган.
Ўзгартиришлар бозорлар ва савдо комплексларига ташриф буюрувчилар кўпаядиган кунларда автотураргоҳларда автомобильларнинг узоқ вақт туриб қолишини қисқартиришга қаратилган.

