
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси ва Давлат активларини бошқариш агентлигида (ДАБА) кенг кўламли текширув ўтказилгани, унинг давомида «миллиардлаб сўмлик талон-торожликлар» аниқланганини маълум қилди.
Хусусан, давлат раҳбари таъкидлаганидек, Давлат активларини бошқариш агентлиги мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 миллиард сўм бўлган ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, уни 120 миллиард сўмга сотиб юборишган.
Аниқланган қонунбузилишлар муносабати билан агентлик директори Акмалхон Ортиқов лавозимидан озод этилди.
«Қонуний савол туғилади: агар ушбу идораларда кўп йиллар давомида коррупция гуллаб-яшнаган бўлса, хавфсизлик масалаларига масъуллар қаёққа қараган?» — деди президент.
Давлат раҳбари Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбоновга «Ўзбекнефтгаз» ва Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини назорат қилган ходимларнинг масъулиятини кўриб чиқишни топширди.
Бундан ташқари, Комплаенс хизмати ва ДХХга иқтисодий хавфсизлик учун масъул бўлинмалар мутахассисларини агентлик мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов гуруҳига жалб этиш топширилди.
«Давлат мулкини сотишнинг ҳар бир ҳолати бўйича синчковлик билан текширув ўтказиш, барча коррупциявий схемаларни фош этиш ва жазонинг муқаррарлигини таъминлаш зарур», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистоннинг энг йирик газ қазиб олувчи компанияси — «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси этиб, бунгача «Ўзбекгидроэнерго»га раҳбарлик қилган Абдуғани Сангинов тайинланган эди. У Баҳодир Сидиқовнинг ўрнини эгаллади.
Сангинов Термиз, Жиззах, Мароқанд, Кучлик ва Тўрақўрғон нефть базалари бошлиқларини «йил давомида йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун» ишдан бўшатди. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» раҳбарининг геология масалалари бўйича янги ўринбосари тайинланди.
Инвесторлар томонидан геология-қидирув ишлари суст олиб борилгани сабабли «Ўзбекнефтгаз»да мамлакатнинг учта ҳудудидаги инвестиция блокларини қайта хатловдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, ўз мажбуриятларини бажармаётган хусусий газ қазиб олувчи операторлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва танлов асосида янгиларини жалб этиш режалаштирилган.