
Curtis, Mallet-Prevost, Colt & Mosle халқаро юридик фирмаси 2025 йил ноябрь ойи ўрталарида Тошкентда ўз офисини очганини эълон қилди.
Дунёдаги энг қадимий юридик фирмалардан бири (1830 йилда асос солинган) низолар ва битимларда ҳукуматлар ва давлат корхоналари манфаатларини ҳимоя қилиши билан машҳур. Унинг мижозлари орасида йирик корпорациялар ва молия институтлари, суверен фондлар, активларни бошқарувчилар, хусусий компаниялар, тадбиркорлар ва жисмоний шахслар ҳам бор. Фирма давлатлар манфаатларига зид келадиган хусусий компаниялар ва шахслар манфаатларини ҳимоя қилмайди.
Тошкентдаги офисда хабар беришларича, Curtis фирмаси Ўзбекистон Адлия вазирлиги билан қатор халқаро инвестиция низолари бўйича ҳамкорлик қилиб, хорижий инвесторларга қарши ишларда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Бундай ишлар орасида, масалан, Меҳмет Зеки Обузнинг Ўзбекистонга қарши иши ҳам бор.
Низоларни ҳал қилишдан ташқари, фирма амалиёти битимларга ҳамроҳлик қилишни қамраб олади. У инвестициялар; молия ва банк назорати (жумладан, ислом банкинги), инвестиция фондлари фаолияти, капитал бозори, иқтисодий санкциялар, корпоратив ҳуқуқ, хусусийлаштириш, қўшиб олиш ва бирлаштириш битимлари каби соҳаларда катта тажрибага эга.
Тошкент офиси компаниянинг 19-си бўлди. У бутун дунё бўйлаб турли юрисдикцияларда, жумладан, МДҲ мамлакатларида фаолият юритади. Фирма штатида турли ихтисосликдаги 30 дан ортиқ русизабон ҳуқуқшунослар бор.
Тошкентдаги офисда АҚШ, Буюк Британия, БАА, шунингдек, Ўзбекистондан бўлган ҳуқуқшунослар: Борзу Сабахи, Марат Умеров, Марк Хаммерсон, Жулиен Хансен, Мария Онгорен ва Арслан Маҳарамов ишлайди.
Фирма раиси Жорж Кахалe III унинг «Ўзбекистон манфаатларини йирик халқаро арбитражларда ҳимоя қилиш бўйича тажрибаси Curtis’га Марказий Осиё бозори ҳақида ноёб тушунча берди», дея таъкидлади. Компаниянинг Қозоғистонда ҳам офиси мавжуд.

