In-Fin-Stroy-Invest ва Credit House ҳаракатларидан 800 киши жабрланди

Тошкентда хонадонларни бўлиб тўлаш шарти билан сотган иккита – In-Fin-Stroy-Invest ва Credit House компанияси фаолиятидан 800 нафар фуқаро жабрланди. Умумий зарар 209,263 млрд сўм, ёки 16 млн АҚШ долларидан ортиқроққа баҳоланмоқда.

Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилишича, Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида беш нафар фуқарога айблов эълон қилинган.

Тергов ҳаракатлари ҳозирда давом этмоқда. Икки компания фаолиятидан жабрланган фуқаролар Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашропов раҳбарлигидаги тезкор штабга мурожаат қилишлари мумкин. Штаб ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида жойлашган (Тошкент, Тарас Шевченко кўчаси, 62-уй, телефон: 71−231−31−45). Фуқаролар 9:00 дан 21:00 гача қабул қилинади.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фуқароларга қурилиш объектларига маблағ киритиш ёки уй-жой сотиб олишдан олдин барча ҳужжатларни, айниқса шартнома шартларини диққат билан ўрганишни тавсия қилди.

«Сўнгги пайтларда қурилиш соҳасида, ноқонуний молиявий схемаларда, хусусан, пирамида шаклидаги таклифлар бўйича фирибгарлик ҳолатлари сезиларли даражада кўпайди», — дея хабар берди қўмита.

Уй-жой сотиб олишда шартнома шартлари билан диққат билан танишиб чиқиш; асосий жиҳатларни текшириш: қурилиш муддатлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг мутаносиблиги, фойдаланишга топшириш муддатлари, муддатларга риоя қилмаганлик учун жавобгарликнинг мавжудлиги; компания тажрибаси ва қурувчининг ишончлилигини электрон реестрлар ва «Шаффоф қурилиш» тизими орқали текшириш; шунингдек, тўловларни фақат банклар кассалари орқали амалга ошириш зарур.