
Ўзбекистон ДХХ тадбиркордан ер участкаси учун 7,3 миллион доллар талаб қилган тўрт нафар шахс қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Қўлга олинганлар — Тошкент вилояти ҳокимлиги Инвестиция, саноат ва савдо бошқармаси бош мутахассиси, Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчиси, риэлтор ва яна бир фуқаро.
Хабар қилинишича, улар улгуржи савдо билан шуғулланувчи компанияга тегишли бўлган Чирчиқдаги 8,5 гектар ерни сотиб бериш эвазига 6,8 миллион доллар сўрашган. Яна 500 минг доллар эвазига эса тадбиркорга электр, газ ва канализация тармоқларига уланиш учун техник шартлар ва рухсатномалар, шунингдек, қурилиш ишларини амалга ошириш учун рухсатнома олишга ёрдам беришга ваъда беришган.
Тўрт нафар гумонланувчи сўралган пулнинг 160 минг долларини олаётган вақтида қўлга олинди.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

