
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги 30-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган тарбиячилар лавозимидан озод этилди, деб хабар берди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирларда тарбиячилар болаларни итариб юборгани, арқон, дафтар ва тарқатма материаллар билан ургани ҳамда куч ишлатгани акс этган.
Мазкур ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганилди. Болалар омбудсманининг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили Муҳриддин Ҳамзаевнинг сўзларига кўра, текширув давомида болалар ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Айбдор тарбиячиларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилди ва унинг якунларига кўра, қўполликка йўл қўйган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Чирчиқ шаҳар ички ишлар бўлими ва прокуратура органлари томонидан текширув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

