
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 август куни чиқиндиларни қайта ишлаш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, сўнгги 3 йил ичида соҳага 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган, Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилган. Корхоналар учун 1200 та махсус техника харид қилинган, маҳаллаларда чиқинди тўплаш майдончалари қурилган.
Илгари монополия бўлган соҳа бизнес учун очиқ: санитария-тозалаш ва қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланган, техника ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинган. Натижада 200 га яқин санитария-тозалаш ва 290 та қайта ишлаш корхоналари ташкил этилди.
Мамлакатда ҳар йили 14 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади, ҳозирча унинг 5% қайта ишланади. Уларнинг 1/4 қисми қоғоз, пластик, резина, шиша ва тўқимачиликдан иборат бўлиб, уларни қайта ишлаш орқали 1 триллион сўмгача хомашё олиш мумкин. Чиқиндиларни ёқиб, энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда — хитойлик инвесторлар олти ҳудудда заводлар қурмоқда.
Президентнинг сўзларига кўра, чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари аҳоли талабларига жавоб бериши керак. Шу муносабат билан ҳар бир маҳаллага чиқинди ташиш машиналарининг етиб келиш вақти ва йўналишини онлайн кузатиш имкониятини яратиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан таъминлаш бўйича 2 йиллик дастур тайёрлаш режалаштирилган.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, Тошкентда тиббий чиқиндиларни ёқиш орқали иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи 2 та корхона ишга туширилган. Самарқандда яна 2 та, қолган ҳудудларда эса 1 тадан шундай завод қуриш режалаштирилган.
Ҳудудларда қайта ишлаш
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида йиғилишда “алоҳида эътибор” талаб қиладиган 15 та асосий чиқинди тури аниқланганини маълум қилди. Улар орасида фармацевтика ва тиббий чиқиндилар, органик чиқиндилар, заҳарли ва радиоактив ифлослантирувчи моддалар бор.
“Бу 15 турдаги чиқиндиларнинг барчаси вилоятларга тақсимланди. Ҳар бир ҳудуд тажриба тариқасида чиқинди турларидан бирини утилизация ва қайта ишлаш усулларини жорий қилади. Хусусан, Тошкентда қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш учун 270 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилади. Самарқанд вилоятида 18,5 миллион долларга яқин умумий инвестиция ҳажми билан электрон турдаги чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилади. Барча ҳудудлар тажриба тариқасида барча турдаги чиқиндиларни қамраб олади, кейинчалик бу тажрибалар бошқа вилоятларга ҳам татбиқ этилади”, — деди.
“Туманлар даражасида бу қуйидагича бўлади: ҳар бир вилоятда битта туман чиқиндиларни олиб чиқишнинг замонавий тизимини жорий қилади. Бунда чиқиндилар замонавий техника, кичик ҳажмли техника, жумладан электроскутерлардан фойдаланилган ҳолда саралаш ва қайта ишлаш учун қайта юклаш станцияларига етказилади”, — деди Экология вазири.
Вазирнинг таъкидлашича, чиқиндиларни қайта ишлаш иш ўринларини яратиш салоҳияти юқори бўлган даромадли иқтисодиёт соҳасига айланмоқда. Ҳар бир маҳаллада ўғитлар ишлаб чиқариш ва биогаз олиш, кейинчалик электр энергияси ишлаб чиқариш учун органик чиқиндиларни йиғишни ташкил этиш режалаштирилган.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Хасанов президент узоқ туманларда компостни қайта ишлаш заводлари қурилишини маъқуллаганини маълум қилди. Бу объектлар канализация чиқиндиларини газ ва қишлоқ хўжалиги учун ўғитга айлантиради.
“Ушбу лойиҳа доирасида ўралардан канализация чиқиндилари олиб чиқилади ва ҳар бир туманда биттадан шундай объект ташкил этилади. Чиқиндилардан компост ишлаб чиқарилади, биринчи навбатда ундан газ олинади, зарарсизлантирилгандан сўнг қолган қисми эса қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида ишлатилади”, — деди.
Аввалроқ Экология вазирлиги батареялар, автомобиллар, мойлаш материаллари, қадоқлаш, шиналар ва шиша маҳсулотлари учун экологик йиғим жорий этишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.