
Ўзбекистонда чиқинди полигонлари устидан давлат назоратини қайтариш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 22 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгаришлари бўйича Миллий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Таклиф яқин йилларда атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» миллий лойиҳаси муҳокамаси чоғида янгради.
Унинг сўзларига кўра, қаттиқ маиший чиқиндилар полигонлари асосий муаммолардан бўлиб қолмоқда. «Энг катта ёмонлик — бу полигонлар. Бу экологик бомба», — деди Абдуҳакимов.
У мамлакатда чиқиндиларни ёқиш технологияларини жорий этиш бўйича стратегик қарорлар қабул қилинганини эслатди.
«Муҳтарам Президентимиз шахсан, ўзларининг йирик ташаббуслари билан бизга йўл очиб бердилар ва барча имкониятларни яратдилар. Агар хабардор бўлсангиз, ҳозирда Ўзбекистонда энергия ишлаб чиқариш учун чиқинди ёқиш заводлари лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳам стратегик қарорлардан бири», — деди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатда 220 та полигон мавжуд эди. Бугунги кунда уларнинг 30-35 фоизи ёпилган ва рекультивация қилинган. Вилоятларга 10-15 тадан техника — грейдерлар ва экскаваторлар юборилган.
Абдуҳакимов авваллари пудратчилар «расмиятчилик билан ишлагани» ва сифат паст бўлганини, бироқ текширувлардан сўнг вазият яхшилана бошлаганини қайд этди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, илгари чиқиндихона газлари ҳаво ифлосланишининг 2,5-3 фоизини берган — бу йилига 1 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид гази демак.
«Ноқонуний чиқиндихоналар жуда кўп бўлиб чиқди»
Қўмита раҳбари «Ўзбеккосмос» агентлигидан олинган маълумотларга кўра, рухсатсиз чиқиндихоналар сони кутилганидан анча юқори бўлиб чиққанини маълум қилди.
«Аслида, ноқонуний чиқиндихоналар жуда кўп бўлиб чиқди. Очиғини айтганда, улар учун иқтисодий сабаблар ҳам ўз ролини ўйнади», — дея таъкидлади.
Абдуҳакимов тушунтиришича, ҳар бир минтақада 2-3 та марказлашган полигон фаолият юритган совет даври тизими бузилган. Функцияларнинг бир қисми хусусий операторларга берилган ва уларга ҳудудлар ажратилган.
«Хусусий операторлар чиқиндиларни 30-40 километрга таший бошлади — бу ҳам харажат: ёнилғи, транспорт амортизацияси. Шу сабабли улар ҳокимга мурожаат қилишди. Ҳоким эса: „Мана сенга ёнингдаги эски карьер. Унинг чуқурлиги катта — ташлайвер“, деган. Кейин ҳаммаси расмийлаштирилмасдан, экологик хулосасиз, ҳеч нарсасиз қилинган», — деди.
Айнан шунинг учун қўмита полигонларни давлат тасарруфига қайтариш таклифи билан Президентга мурожаат қилган.
«Хусусий сектор учун бу фойдали бизнес эди: уларга чиқинди олиб келинади, улар эса ҳеч нарса қилмайдилар… Бу механизм иш бермади. Давлатнинг мақсади — у ерга бориб чиқиндини кўпайтириш эмас, балки ҳаммасини ёқиб, ундан халос бўлиш», — дея таъкидлади Абдуҳакимов.
8 та чиқинди ёқиш заводи
Мамлакатда барча чиқиндиларнинг 40-50 фоизини қайта ишлашга қодир бўлган 8 та чиқинди ёқиш заводини қуриш режалаштирилган. Қолган ҳажмни «Тоза Ўзбекистон — Zero Waste» ташаббуси доирасида қайта ишлашга йўналтириш режалаштирилган.
Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, замонавий чиқинди ёқиш заводлари экологик жиҳатдан хавфсиз.
«Мен ўзим бундай заводлардан бирида бўлганман, мўрига чиқдим, ҳаводан нафас олдим — у ердан мутлақо тоза ҳаво чиқади, ҳеч қандай зарари йўқ», — деди.
Агар лойиҳаларни амалга ошириш жадвал бўйича кетса, биринчи натижалар 2026 йил охири — 2027 йил бошида сезиларли бўлади.
2024 йил октябр ойида Президентга саккизта чиқинди ёқиш заводи ва Оҳангарон полигонида чиқиндихона газини қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар тақдимот қилинган. «Бу нафақат заводлар, балки тақдирни ҳал қилувчи масалалардан бири», — деган.
Яқин 2 йилда Ўзбекистоннинг олти вилоятида чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариладиган электр станциялари қурилади. Лойиҳаларни Хитойнинг учта компанияси Тошкент ва Самарқанд вилоятлари, Қашқадарё ва Фарғона водийсида амалга оширади. Инвестицияларнинг умумий миқдори 1 миллиард доллар атрофида бўлади.