Хитойнинг TSC-HK-Investment компанияси Чилонзорда иккита 30 қаватли бино қуришни режалаштирмоқда

Чилонзор тумани ҳокимлиги 3 йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишга киришди. Уни тайёрлашда халқаро стандартлар бўйича ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, дея хабар берди туман маъмурияти матбуот хизмати.

Бу иш доирасида 2025 йил 23 июль куни туман ҳокими Саидқаҳҳор Ҳолхўжаев эксперт ёрдами кўрсатиш учун Тошкентга келган Туркиянинг Policy Analytics Lab ва Helezon компаниялари вакиллари билан музокара ўтказди.

Ҳокимликдаги учрашувда Чилонзорда аллақачон амалга оширилган ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Туркия делегацияси аъзолари, ўз навбатида, бўлажак дастур мазмуни ва ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Туман маъмурияти маълумотларига кўра, Чилонзор тумани ҳокимлигининг 2025 йил ярим йиллик экспорти 138,9 млн долларни ташкил этган, йилни 410,8 млн доллар билан якунлаш режалаштирилган, 2028 йилга келиб эса бу кўрсаткични 2,07 млрд долларга етказиш мўлжалланган.

Слайдларга кўра, Чилонзор туманининг Сеул кўчасидаги «Бешёғоч» маҳалласида 250 минг кв. метр майдонда беш юлдузли Ritz Carlton меҳмонхонасини қуриш режалаштирилган. Аввал хабар берганимиздек, лойиҳа қиймати 200 млн долларга баҳоланмоқда. Қурилишни Озарбайжоннинг PD Estates компанияси олиб бормоқда. Объектни 2026 йилда топшириш режалаштирилган эди.

Бунёдкор кўчасидаги «Катта Қозиробод» маҳалласида Хитойнинг TSC-HK-Investment компанияси 357 минг кв. метр майдонда иккита минора кўринишидаги турар-жой мажмуаси ва бизнес маркази қуришни ният қилган. Лойиҳа қиймати 340 млн долларга баҳоланмоқда.

Суратларга қараганда, ҳар иккала объект ҳам баландлиги камида 30 қават бўлади. Уларни жойлаштириш режалаштирилган маҳаллалар ҳудудида пойтахтнинг бош режасига кўра 12 ва 9 қаватдан баланд бинолар қуриш тақиқланади.

2025 йил 21 июль куни бош прокурор ўринбосари Дилшод Қосимов ва бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев пойтахтдаги инвестиция лойиҳаларининг жорий ҳолати ва уларнинг ўз вақтида ишга туширилиши масалаларини ўргандилар. Улар орасида Юнусобод туманида Megapolis Bizness ва TSC-HK-Investment компаниялари томонидан амалга оширилаётган кўп қаватли турар-жой мажмуалари ва савдо марказлари қурилиши лойиҳалари ҳам бор.

Хусусан, Хитой компанияси раҳбариятининг «Юнусобод Оқтепа» маданий мерос объекти ёнида жойлашган лойиҳани экспертизадан ўтказиш масаласи бўйича мурожаати Маданий мерос агентлиги томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

2025 йил март ойида президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Юнусобод туманида қурилган High Town City кўп функцияли мажмуаси билан танишган эди. Лойиҳа савдо-кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва турар-жой мажмуаларини ўз ичига олади. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 510 млн долларни ташкил этди. Ушбу лойиҳа инвесторлари орасида TSC-HK-Investment ҳам бор.

Яқин атрофда яна бир йирик лойиҳа — «Оқтепа-Юнусобод» археологик ёдгорлиги яқинида жойлашган Yunusobod Business City амалга оширилмоқда. Шу ерда Хитой компаниясининг офиси ҳам жойлашган.

Очиқ маълумотларга кўра, TSC-HK-Investment компанияси 2019 йил июнь ойида рўйхатдан ўтган. Унинг устав капитали 278,4 млрд сўмни ташкил этади. Асосий фаолият тури турар-жой бинолари қурилиши. 90% улуши WDF International Limited‘га, 10% эса St. Wonderful International Group Limited‘га тегишли. Компания раҳбари Шу Чун Циан ҳисобланади.