
Ўзбекистонда чигирткага қарши кураш ва мониторинг ишлари давом этмоқда, деб хабар беради Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги.
Зараркунандалар популяцияси 885,9 минг гектар майдонда мониторинг қилинган бўлиб, шундан 524,9 минг гектарда чигиртка тарқалгани қайд этилган. Бугунги кунга қадар 515,8 минг гектар зарарланган майдонларда кимёвий ишлов берилди.
Асосий тадбирлар Қорақалпоғистон, шунингдек, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Навоий ва Тошкент вилоятларида олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудларда мутахассислар саксовул чигирткасига қарши кимёвий воситаларни қўлламоқда.
Шу билан бирга, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларида асосий зарарланиш ўчоқлари бартараф этилди.
Агентлик маълумотларига кўра, Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати кеча-кундуз ишламоқда. Кимёвий ишлов асосан эрта тонгда ва кечки пайтларда ўтказилади, кундузи эса мониторинг амалга оширилади.
Аҳоли зараркунандалар тарқалиши ҳолатлари ҳақида 1288 ёки (71) 202-10-00 телефон рақамлари орқали хабар бериши ва ёрдам сўраши мумкин. Барча препаратлар ва кимёвий ишловлар бепул тақдим этилади.
Агентлик маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда чигиртканинг 608 минг гектардан ортиқ майдонда тарқалиши прогноз қилинмоқда.
Аввалроқ Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкентда чигирткалар сони ортиши ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, фақат қишлоқ хўжалиги учун хавфли бўлган гала бўлиб яшовчи турларга қарши кураш олиб борилаётганини тушунтирган эди. Пойтахтда учрайдиган чигирткалар гала бўлиб яшовчи турларга кирмайди. Уларга қарши кураш, агар бир квадрат метрга 10 тадан ортиқ жонзот тўғри келсагина олиб борилади.
«Камроқ миқдорда кимёвий ишлов бериш мақсадга мувофиқ эмас ва экология учун зарарли, чунки табиатда биологик занжир ва чигирткаларнинг табиий «кемирувчилари» — қушлар, бошқа турдаги ҳашаротлар ва амфибиялар мавжуд», — деди агентлик матбуот котиби Сабина Садинова.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон чигирткага қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни режалаштирмоқда. Томонлар чегара ҳудудларида зарарли ҳашаротлар тарқалишини аниқлаш, халқаро фитосанитария стандартларини жорий этиш ва махсус тизим орқали ахборот алмашинувини йўлга қўйишни мақсад қилган.