Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 09/03/2026

Чет эл автомобиллари учун Ўзбекистонга киришда тонировка йиғимини ундириш тартиби соддалаштирилди

Хорижий давлатлар енгил автомобилларининг Ўзбекистонга вақтинча кириши ва транзитида ойналарни қорайтирганлик (тонировка) учун йиғим ундириш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли қарори 2026 йил 4 март куни эълон қилинди.

Ўзгартиришларга кўра, ойналари қорайтирилган хорижий автомобиллардан мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тубдан соддалаштирилди. Хусусан, эндиликда мажбурий йиғим фақат хорижий автомобилнинг олди ён ойналари қорайтирилган бўлсагина ундирилади. Илгари мажбурий йиғим тўлаш талаби олди, ён ва орқа ойналарга тааллуқли бўлган — эндиликда бу талаб бекор қилинди.

Шунингдек, E-tranzit автоматлаштирилган ахборот тизимида шакллантириладиган QR-коддан фойдаланган ҳолда, электрон тўлов тизимлари орқали йиғимни электрон шаклда тўлаш имконияти яратилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги қарорига асосан, хорижий давлатларнинг ойналари қорайтирилган енгил автомобиллари Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириши ва транзити учун давлат бюджетига 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Ўзбекистонда орқа ойна ва орқа эшик ойналарини бепул тонировка қилишга рухсат берилган. Жисмоний шахслар учун олди ойналарни тонировка қилиш қиймати йилига БҲМнинг 8 бараварини (3,29 млн сўм) ташкил этади.

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутати Дастан Бекешев бир йил аввал ушбу мамлакат аҳолиси ойналари қорайтирилган автомобилда Ўзбекистон орқали ўтиш учун 15 доллар тўлашга мажбурлигини маълум қилган эди. У жавоб чораларини кўриш ёки йиғимни бекор қилишга эришишни таклиф қилганди. Қирғизистон ТИВ раҳбари ушбу масалани ўрганиб чиқишга ваъда берган эди.