
Черногория Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон, Арманистон ва Миср фуқаролари учун вақтинчалик визасиз режимни бекор қилди. Тегишли қарор 2025 йил 9 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда тасдиқланди, деб хабар беради мамлакат ҳукумати сайти.
Қарор Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича 24-бобнинг якуний қоидаларига ва 2024–2027 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар дастурида назарда тутилган мажбуриятларга мувофиқ «Черногория виза сиёсатини Европа Иттифоқи сиёсати билан давомли уйғунлаштириш» билан изоҳланади.
«Қабул қилинган тузатишлар юқорида номи келтирилган мамлакатлар (Ўзбекистон, Арманистон ва Миср — таҳр.) фуқаролари учун вақтинчалик визасиз режим тўғрисидаги аввалги қарорларнинг амал қилишини бекор қилади, бу Черногориянинг ЕИга тўлақонли аъзо бўлишга қатъий содиқлиги ҳақида аниқ сигнал беради», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон фуқаролари Черногорияга кириш учун виза олишлари керак, бироқ 2023 йилдан бошлаб туристик мавсум даврида (2025 йилда — 1 мартдан 1 ноябргача) мамлакатга визасиз 30 кунгача кириш ва бўлиш мумкин эди.
Ўзбекистон ТИВ Spot.uz‘га Черногория томонидан ўзбекистонликлар учун вақтинчалик визасиз режим бекор қилингани ҳақида ҳали маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.
Черногория 2010 йилда Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақомини олган ва ЕИга аъзо бўлишга даъвогар бошқа номзод мамлакатлар орасида етакчи ҳисобланади. ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокаралар бир нечта блокларга гуруҳланган 35 та бобга бўлинган. Бугунги кунда Черногория барча 33 та музокара бобларини очган, улардан 6 таси бўйича келишувга келинган ва тугатилган.
2025 йил июнь ойида Еврокомиссия Черногорияга ЕИнинг виза сиёсатига мувофиқлик мамлакатнинг Ўсиш режаси ва 24-бобнинг назорат қоидалари доирасидаги мажбурияти эканлигини эслатди. Аввалроқ Черногория ЕИда виза талаб қилинадиган мамлакатларни ўз визасиз рўйхатидан ҳар йили чиқаришга рози бўлган эди.