Чартер рейсларини «Тошкент-Шарқий» аэропортига ўтказиш режалаштирилмоқда

Тошкентдан жўнаб кетувчи ва пойтахтга йўл олган барча чартер рейслари «Тошкент-Шарқий» аэропортига кўчирилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, аэропортга талаб катта, чунки «Жанубий» аэропортда (Тошкент халқаро аэропорти) жуда катта тирбандлик кузатилмоқда.

«Фақат Uzbekistan Airways’нинг ўзи ўртача ҳар йили йўловчи ташиш ҳажми 20−25% ўсишини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, бошқа авиакомпаниялар ҳам очилди, шунингдек, хорижий ташувчилар сони бир неча баробар ошди. Аэропорт ҳозирги ҳажмларга тўлиқ дош бера олмаяпти», — деди у.

Шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент-Шарқий» аэропортини барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилди, деди Худойқулов. Бу Ўзбекистонда ИКАО стандартлари бўйича III-А тоифали биринчи ҳаво бандаргоҳи бўлади — бу ҳаво рейсларини ҳатто туман ва ноль кўриниш шароитида ҳам қабул қилиш имконини беради.

«Бу республикамиздаги биринчи шу турдаги аэропорт. У ICAO стандартлари бўйича III-А тоифасига мос келади, бу эса кечаю кундуз ва йил давомида — суткасига 24 соат, йилда 365 кун ишлашни англатади», — деди.

Uzbekistan Airways раҳбарининг сўзларига кўра, ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам, масалан, туманли кунларда, самолётларни захира аэропортларга йўналтиришга ҳожат қолмайди, чунки янги объект ҳар қандай шароитда рейсларни қабул қила олади.

Ҳозирда Тошкент халқаро аэропортидан 10 дан ортиқ чартер рейслари амалга оширилмоқда ва уларнинг барчаси аста-секин янги аэропортга ўтказилади.

Авиакомпания раҳбарининг таъкидлашича, янги терминал Тошкент ва Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини оширишда, шунингдек, тадбиркорларни жалб қилишда муҳим роль ўйнайди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бизнес-авиацияга хизмат кўрсатиш учун янги инфратузилманинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

«Бу биринчи бизнес-авиация аэропорти… Терминал соатига 100 нафаргача йўловчига хизмат кўрсата олади. Аэропортни яқин кунларда топширамиз», — дея қўшимча қилди Худойқулов.

Унинг сўзларига кўра, янги аэропортнинг перрони бир вақтнинг ўзида 23 тагача Boeing 747 туридаги катта самолётни сиғдира олади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 18 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишининг боришини кўздан кечирди. Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда иккита терминал — расмий делегацияларни қабул қилиш ва бизнес-авиацияга хизмат кўрсатиш учун, шунингдек, перрон ва ангар иншоотлари қурилиши давом этмоқда.