
Жанг санъати устаси, жангари фильмлар юлдузи ва юзлаб интернет-мемлар қаҳрамони Чак Норрис 86 ёшида АҚШда вафот этди, деб хабар бермоқда AP. Бу маълумот актёрнинг Instagram саҳифасида ҳам тасдиқланди. Бундан аввал унинг тўсатдан касалхонага ётқизилгани маълум бўлган эди.
Кино ва телевидение юлдузига айланишдан олдин Чак Норрис спорт яккакурашларида улкан муваффақиятларга эришган. У профессионаллар ўртасида карате бўйича ўрта вазн тоифасида олти карра мағлубиятсиз жаҳон чемпиони бўлган. У Чун Кук-До номи билан машҳур ўз карате мактабига ва Бирлашган жанг санъатлари федерациясига асос солган.
Карлос Рэй Норрис 1940 йилда Оклахома штатининг Райан шаҳрида туғилган ва қашшоқликда ўсган. 12 ёшида унинг оиласи Калифорниядаги Торранс шаҳрига кўчиб ўтган. Мактабни тугатгач, 1958 йилда у АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари сафига қўшилди. Кореядаги хизмати давомида у дзюдо ва тансудо каби жанг санъатлари билан шуғуллана бошлаган.
Чак Норрис кинодаги дебютини 1968 йилда «Вайрон қилувчилар жамоаси» фильмида тана соқчисининг эпизодик роли билан бошлаган ва у ерда Дин Мартин билан муштлашиш саҳнасида қатнашган. У Брюс Ли билан яқин дўст бўлган. Улар биргаликда 1972 йилда «Аждарҳо йўли» фильмида суратга тушишган.
У «Бедарак йўқолганлар», «„Дельта“ отряди» ва «Жуфт зарба» каби 20 дан ортиқ фильмларда рол ижро этган. 1993 йилда у ўзининг энг машҳур ролини — «Уокер, Техас рейнжери» телесериалидаги рейнжер ролини олди. Ушбу сериал тўққиз мавсум давом этган.
2004 йилдаги «Ҳайдовчилар» комедиясидан сўнг Чак Норриснинг ғайриинсоний кучга эга образи ҳақиқий афсонага айланди. Интернетда унинг суперкучи ҳақидаги ҳазиломуз «Чак Норрис ҳақидаги фактлар» оммалашиб кетди. Улар орасида: «Чак Норрис қуёш билан кўз уриштириб ўйнаган ва ғолиб чиққан», «Чак Норрис нолга бўла олади», «Чак Норрис сувга тушганда у ҳўл бўлмайди, балки сув чакноррислашади» ва шу каби бошқа иборалар бор.
Чак Норрис ўзининг сўнгги туғилган кунини вафотидан бир ҳафта олдин нишонлаган ва Instagram саҳифасида спарринг тушаётгани акс этган видеони эълон қилган эди. «Мен қаримаяпман. Мен янги даражага ўтяпман», деб ёзган эди.