
Centrum Air авиакомпанияси ўзининг учувчиларидан бири томонидан Pikabu кўнгилочар платформасида қолдирилган нашр билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.
Нима содир бўлди
2025 йил 4 декабрь куни учувчи ва Новосибирскнинг SAHALIN рок-гуруҳи етакчиси Михаил Махалин юритадиган PILOTMISHA каналида «Мушук-парашютчи» номли пост пайдо бўлди. Унда учувчининг Омск авиация билим юртида ўқиб юрган кезларида (ўшанда у 19 ёшда бўлган) у ерда Толян исмли мушук яшагани ҳақида ҳикоя қилинган. Жониворга «доим кун беришмаган» — уни гоҳ ҳаммомда буғлашган, гоҳ у билан пол ювишган, бир сафар эса 300 метр баландликдаги вертолётдан парашют билан ташлаб юборишган. Постга «менинг ижодим» ва «юмор» теглари қўшилган эди. Нашр кўплаб салбий муносабат ва эътирозларга сабаб бўлди ва тез орада ўчириб ташланди. Бироқ матн туширилган скриншотларни бошқа бир фойдаланувчи сақлаб қолган.
2025 йил 29 декабрь куни учувчи видеомурожаат эълон қилиб, унда ушбу нашрга алоқаси йўқлигини билдирди: «Уни биз ҳамкорлик қиладиган Питердаги дижитал-агентлик коперайтери ёзган… Нашр мен билан келишилмаган». У пост ҳақида дўстлари хабар берганини ва агентлик билан судгача боришини маълум қилди. «Мен жониворларни жуда яхши кўраман. Бутун умр уй ҳайвонларим бўлган. Гуруҳимиз билан доимий равишда ҳайвонларни қўллаб-қувватлаш учун хайрия концертлари бериб келамиз», — деб таъкидлади Махалин. Унинг сўзларига кўра, тасвирланган вазият аслида содир бўлиши мумкин эмас, чунки бу хавфсизликнинг асосий тамойиллари ва соғлом фикрлашга зиддир.
2025 йил 31 декабрь куни тошкентлик ёш авиаспоттер Арслан Исломов (унинг суратлари JetPhotos сайтида мавжуд) вазият ҳақида ёзди. «Менимча, унга авиацияда асло ўрин йўқ», — деб ўз фикрини билдирди. Кейинроқ у компания ундан постни ўчиришни сўраганини маълум қилди.
Centrum Air баёноти
2026 йил 13 январь куни, вазиятга бошқа каналлар (блогер, споттер, пиар-мутахассис) эътибор қаратганидан сўнг, Centrum Air матбуот хизмати расмий баёнот бериб, «содир бўлган воқеадан чуқур афсусда эканини ва самимий узр сўрашини» билдирди.
«Вазиятни ҳар томонлама ўрганиш якунларига кўра маълум қиламизки, материал реал воқеаларни акс эттирмаган ва учувчининг бевосита фаолиятига ёки Centrum Air авиакомпаниясига алоқаси бўлмаган. Нашр учувчининг саҳифасини юритган четдаги PR-агентлик томонидан тайёрланган ва жойлаштирилган. Материал мазмуни билан танишгач, учувчи уни мустақил равишда ўчириб ташлаган, чунки ҳайвонлар ҳақида бундай шаклда фикр билдириш ноўрин ва қабул қилиб бўлмас ҳолат», — дейилади баёнотда.
«Содир бўлган воқеа вазиятнинг жиддийлигини камайтирмайди, — деб таъкидлади компания. — Centrum Air изчил равишда ҳайвонларга инсоний ва масъулиятли муносабатда бўлиш қадриятларини қўллаб-қувватлайди ва амалда зооҳимоя ҳамда экологик ташаббусларга кўмак беради».
Компания «Милые кошки» ва «Меҳр» бошпаналарига ёрдам бериб, уларнинг тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаётгани ва маблағ йиғишда кўмаклашаётганини эслатиб ўтди. Шунингдек, Centrum Air жамоатчилик эътиборини ҳайвонларни ҳимоя қилиш масалаларига қаратиш мақсадида бошпаналардаги жониворлар иштирокида хайрия календарини ҳам чиқарган эди.
Ташувчи ҳайвонларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча ташаббусларни қабул қилганини, хусусан, уй ҳайвонларини ташиш учун 20 фоизлик чегирмага эга махсус ижтимоий тариф жорий этишини ҳамда бошпаналарга тиббий препаратлар, емиш ва бошқа зарур нарсалар билан ёрдам беришини маълум қилди.
«Биз ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича хайрия лойиҳаларини давом эттирамиз ва ўз бефарқ эмаслигимизни амалда кўрсатамиз», — деди компания вакиллари.

