
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси CAFA Nations Cup 2025 турнирининг учинчи турида Қирғизистонни йирик ҳисобда мағлуб этди. 2025 йил 5 сентябрь куни Тошкентдаги янги «Олимпик» стадионида бўлиб ўтган учрашув 4:0 ҳисобида якунланди.
Таркибга асосий ўйинчилар, жумладан, ҳужумчи Элдор Шомуродов, ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев ва дарвозабон Ўткир Юсупов қайтарилди.
Миллий терма жамоа голларига ярим ҳимоячи Акмал Мозговой (21-дақиқада), ярим ҳимоячи Отабек Шукуров (67-дақиқада пенальтидан), ҳужумчи Игорь Сергеев (82-дақиқада), вингер Азизбек Турғунбоев (90+3-дақиқада) муаллифлик қилди.
3 та учрашув натижаларига кўра, Ўзбекистон 7 очко билан «А» гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Уммон (7 очко) тўплар нисбати ёмонлиги сабабли иккинчи, Қирғизистон ва Туркманистон (1 очкодан) эса жадвални якунлаб турибди.
CAFA Nations Cup 2025 — бу Марказий Осиё эркаклар ўртасидаги халқаро футбол чемпионати — CAFA Nations Cupнинг иккинчи босқичидир. Мусобақада саккизта жамоа иштирок этмоқда:
- «А» гуруҳи: Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Уммон;
- «Б» гуруҳи: Тожикистон, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон (Малайзия ўрнига).
Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар финалда, иккинчи ўринни эгаллаганлар эса бронза медали учун курашади.
2025 йил 8 сентябрь куни Тошкентдаги янги «Олимпик» стадионида соат 19:30 да Ўзбекистон финалда «олтин» учун Эрон билан ўйнайди. Уммон ва Ҳиндистон учинчи ўрин учун курашади.