
АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарларига 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган «C5+1» («Марказий Осиё + АҚШ») форматидаги саммитда иштирок этиш учун таклиф йўллади.
Таъкидланишича, 2025 йил 25 октябрь куни АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау Тошкентга етиб келган.
АҚШ элчихонаси матбуот хизмати маълум қилишича, Гор ва Ландау Ўзбекистон ҳукумати аъзолари билан муҳим минераллар ва энергетика соҳаларидаги савдо ва инвестициялар, шунингдек, «C5+1» форматидаги минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар.
Тошкентга келгач, улар мамлакатда фаолият юритаётган америкалик компаниялар вакиллари билан учрашиб, «умумий фаровонликка кўмаклашиш бўйича кенг имкониятлар»ни муҳокама қилдилар.
Гор ва Ландау Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда АҚШ элчиси Жонатан Хеник ҳамроҳлигида Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги тарихий жойларни зиёрат қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, «C5+1» форматидаги илк саммит 2023 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган эди.

