BYD 2025 йил охиригача Ўзбекистонда Denza премиум брендини тақдим этади

BYD Central Asia бошқарувчи директори Иван Цао 2025 йил 10 июнь куни бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми йиғилишида хитойлик электромобиль ишлаб чиқарувчисининг мамлакатдаги режалари ҳақида сўзлаб берди.

Унинг фикрича, BYD автомобиль саноатини модернизация қилишни жадаллаштирмоқда, шунингдек, Ўзбекистон автомобиль саноатини «яшил келажак»ка ўтишига ёрдам бермоқда.

«Охирги 3 йил ичида биз лойиҳамизни уч босқичда муваффақиятли амалга оширдик: синов ишлаб чиқаришдан маҳаллий йиғишга тайёргарликка, сўнгра тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқаришга ўтдик. 2024 йил июнь ойида Президент Мирзиёев ва раисимиз Ван Жиззахдаги заводни ишга тушириш маросимида иштирок этдилар. Ўшандан буён биз Ўзбекистонда жами 10 мингдан ортиқ янги авлод электромобилларини ишлаб чиқардик», — деди топ-менежер.

Цаонинг сўзларига кўра, бу нафақат маҳаллий мижозлар талабини қондириш имконини беради, балки Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш-сотиш занжирини ҳам мустаҳкамлайди.

BYD аллақачон бозорга 7 та моделни чиқарган ва «2025 йилда яна бир нечтасини олиб келади».

«Шу йил охиригача биз гуруҳимизнинг премиум бренди — Denza’ни ҳам Ўзбекистонда тақдим этиш ниятидамиз. Бу, айтганча, илгари BYD ва Mercedes’нинг қўшма корхонаси бўлган бренд. Биз буни ҳамкасблар билан муҳокама қилдик — улар Mercedes билан яхши таниш», — деди у.

Компания вакилининг айтишича, янги брендлар билан бирга Ўзбекистонни «автомобиль саноати учун жозибадор марказга» айлантириш режалаштирилган.

«BYD бутун соҳа учун ўзига хос «магнит эффекти»ни яратмоқда. Бизнинг сармояларимиздан сўнг кўпроқ хитойлик автокомпаниялар Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда. Эҳтимол, жуда тез орада сиз янгиликларда қандайдир хитой брендларининг бу ерда ўз ишлаб чиқариши ёки сотувини бошлаганини эшитасиз», — деди Цао.

Топ-менежернинг фикрича, Марказий Осиёда бизнес юритишда «чуқур маҳаллийлаштириш фалсафасига риоя қилиш жуда муҳим».

«Ўзбекистондаги қўшма корхонамиз аллақачон кадрларни маҳаллийлаштиришни амалга оширмоқда: биз 1500 дан ортиқ юқори малакали иш ўринларини яратдик, аммо асосийси — биз электромобиллар ва янги энергетика технологиялари соҳасида мутахассисларнинг янги авлодини тайёрламоқдамиз», — деди у.

Бундан ташқари, BYD етказиб бериш занжирини маҳаллийлаштириш доирасида «7 тадан ортиқ компания» билан 17 тоифадаги бутловчи қисмлар бўйича ҳамкорлик ўрнатди, «бу логистика харажатларини камайтиради ва маҳаллий етказиб берувчиларнинг техник малакасини ривожлантиради».

Унинг сўзларига кўра, компания 34 йил ичида биринчи марта ўзбек тилидаги интерфейсни автомобиль интеллектуал тизимига жорий қилган.

«Жорий йил Мустақиллик байрамигача ўзбек тилида овозли ёрдамчини [Muxlisa AI] тақдим этишни режалаштиряпмиз. Бу нафақат инновацион, балки маҳаллий фойдаланувчилар учун электромобиллардан фойдаланишни сезиларли даражада соддалаштиради», — деди Цао.

Хитой компанияси шунингдек, зарядлаш станциялари тармоғини ривожлантиришда иштирок этмоқда, «маҳаллий компанияларга самарадорликни оширишга ёрдам бермоқда», шунингдек, «барқарор турмуш тарзи»ни — жумладан, футбол турнирларига ҳомийлик қилиш орқали — тарғиб қилмоқда.

BYD 2024 йилнинг июнь ойидан бошлаб BYD Chazor ва Song Plus автомобилларини ишлаб чиқаришни бошлаган. 2025 йилнинг иккинчи ярмида компания учинчи моделни маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқда (аввалроқ BYD Seagull ва E2 ишлаб чиқариш режалари ҳақида хабар берилган эди).

«Ҳозирча биз фақат айрим моделларни импорт қиламиз — улар ҳали маҳаллийлаштирилмаган. Бу режалаштирилган савдо ҳажмининг тахминан учдан бири ёки ундан ҳам камроқ», — дея таъкидлади у «Дарё»га берган интервьюсида.

2025 йилгача компания Жиззахдаги заводда 20-25 минг электромобиль йиғишни режалаштирмоқда (унинг қуввати 50 минг автомобилгача), шунингдек, қўшни мамлакатларга автомобиль экспорти имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

Рақобат ва бозор очиқлиги

Иван Цао Ўзбекистонда автомобиль соҳасида монополия бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади:

«Биз мамлакатнинг очилаётганини кўряпмиз. 2024 ва 2025 йилларда Ўзбекистонга кириб келган брендлар сонига эътибор беринг. Менимча, бу йилнинг ўзидаёқ деярли барча Хитой автомобиль брендлари Ўзбекистон бозорига киради. Бу шуни англатадики, бозор очилади, ҳалол рақобат бўлади. Харидорлар танлови кенгаймоқда — ички ёнув двигателларига эга автомобиллар, электромобиллар ва турли ишлаб чиқарувчиларнинг гибридлари таклиф этилмоқда… Шу маънода, Ўзбекистонда монополия эҳтимоли йўқ. Бозорда турли брендлар ўртасида рақобат бошланади».

2024 йил ноябрь ойида BYD компанияси Тошкентда ўтказилган e-Mobility Festa 2024 фестивали доирасида Ўзбекистон бозорига 2025 йилда кириб келадиган бир қатор янги моделларни тақдим этди. Улар орасида DENZA Z9GT — люкс электромобиллар қаторидаги премиум модель ҳам бор эди. У электр ва гибрид версияларда тақдим этилган. Ўриндиқлар массаж функциясига эга, салон юқори сифатли аудио тизими ва ўрнатилган музлатгичлар билан жиҳозланган.