
Буюк Британияда 5 январдан бошлаб соат 21:00 гача телевидениеда зарарли егуликлар рекламасига тақиқ, шунингдек, интернетда бундай рекламанинг тўлиқ тақиқланиши кучга кирди. Британия ҳукуматининг маълум қилишича, ушбу чоралар болалар ўртасидаги семизликка қарши кураш доирасида қабул қилинган.
Реклама стандартлари бошқармаси (ASA) назорати остидаги янги қоидаларга кўра, чекловлар таркибида ёғ, шакар ва туз миқдори юқори бўлган 13 тоифадаги маҳсулотларга тааллуқли, деб қайд этади Guardian. Уларнинг қаторига алкоголсиз ичимликлар, жумладан лимонад ва мева шарбатлари, чипслар, қуруқ нонушталар, музқаймоқ, бошоқли батончалар, ширин пишириқлар ва пицца киради.
Ҳукумат ушбу чоралар натижасида болалар томонидан истеъмол қилинадиган калория миқдори йилига 7,2 миллиардга қисқаришини, семизликдан азият чекувчи болалар сони 20 минг нафарга камайишини ва вақт ўтиши билан соғлиқни сақлаш тизими учун қарийб 2 миллиард фунт маблағ тежалишини кутмоқда.
Ҳукумат Англиянинг бошланғич мактабларида болаларнинг 22,1 фоизи ортиқча вазн ёки семизликка эга эканини, ўқишни тугатиш вақтига келиб эса бу кўрсаткич 35,8 фоизгача кўтарилишини эслатиб ўтди. Тиш кариеси Буюк Британияда ёш болаларни (одатда 5 ёшдан 9 ёшгача) шифохонага ётқизишнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.
Гарчи расмий тақиқ январдан кучга кирган бўлса-да, реклама индустрияси октябрь ойидан бери унга ихтиёрий равишда амал қилиб келмоқда, деб ёзади Guardian. Британия телевидениесида илк бор анъанавий ширинликлар ва пудинглар ўрнига мева ва сабзавотлар кўрсатилган видеолари намойиш этилди.