
Британия полицияси қирол Карл III нинг укаси Эндрю Маунтбеттен-Виндзорни жинсий жиноятлар учун ҳукм қилинган марҳум молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқалари бўйича олиб борилаётган тергов доирасида мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонлаб ҳибсга олди, деб хабар беради BBC News.
Темза водийси полицияси (Бакингемшир, Беркшир ва Оксфордшир графликлари) баёнотида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови бўйича тергов очилгани айтилади. Унда Норфолклик «60 ёшлар атрофидаги эркак» қўлга олингани тасдиқланган, бироқ унинг исми ошкор этилмаган.
2026 йил 19 февраль куни эрталаб ҳозирда Маунтбеттен-Виндзор истиқомат қилаётган Шимолий денгиз соҳилидаги Норфолк графлигида жойлашган Сандрингем қироллик қароргоҳига келган полиция автомобилларининг суратлари пайдо бўлди.
BBC News нашрининг қайд этишича, тергов собиқ шаҳзоданинг Британиянинг халқаро савдо бўйича махсус вакили сифатидаги фаолияти ва Эпштейнга топширилгани иддао қилинаётган ҳужжатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Карл III Эндрю Маунтбеттен-Виндзорнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлардан «чуқур хавотирда» эканини билдирди. У қироллик оиласи терговга «тўлиқ ва ҳар томонлама ёрдам ҳамда кўмак» кўрсатишини таъкидлади. «Менга аниқлик киритишга ижозат беринг: қонун устувор бўлиши шарт», дейилади Британия қиролининг баёнотида.
19 февраль куни 66 ёшни қаршилаган собиқ шаҳзода Эндрю Эпштейн билан дўстлиги сабабли йиллар давомида қаттиқ назорат остида бўлиб келган. Эпштейннинг энг машҳур айбловчиси Виржиния Жуффре молиячи уни 17 ёшлигида Маунтбеттен-Виндзор билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаганини иддао қилган эди.
Собиқ шаҳзода ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни бир неча бор рад этган. Бироқ 2025 йил октябрь ойида қирол Карл III Эндрюнинг Эпштейн билан алоқалари тўғрисидаги навбатдаги фош этувчи маълумотлардан сўнг, укасини қироллик унвонларидан, жумладан, шаҳзода ва Йорк герцоги деб аталиш ҳуқуқидан маҳрум қилган эди.
Маунтбеттен-Виндзорнинг исми 2026 йил 13 февраль куни эълон қилинган материалларда, жумладан Эпштейннинг шахсий электрон ёзишмаларида камида бир неча юз марта тилга олинган. Улар орасида Эпштейннинг Букингем саройига кечки овқатга таклиф этилгани ҳам бор.