Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган бухоролик шахс 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

2025 йил 9 декабрь куни Когон шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этган 29 ёшли фуқарога нисбатан ҳукм эълон қилди.

Судланувчи Ш. И. 2013 йилдан бери Россияга бориб, мавсумий ишларда ишлаб келган. 2023 йилда Россияда яшаб юрган вақтида Россия фуқаролигини, 2024 йилда эса ҳарбий билетни расмийлаштирган. Тергов талқинига кўра, 2025 йил май ойида Магаданда фуқароларни Россия Қуролли Кучлари сафига қўшилишга тарғиб қилиш натижасида у Россия Мудофаа вазирлиги билан жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун бир йил муддатга шартнома имзолаган.

«Дастлаб 2013 йилда Россияга пул ишлаш мақсадида борганман. Охирги марта 2024 йилда Магаданга келдим. 2025 йилда у ерда киракашлик қилиб юрган вақтимда бир Россия фуқароси билан келишмовчилик келиб чиқди. Уни ҳақорат қилганим учун у мени калтаклади. Шундан сўнг, Магадан аэропортидан шаҳар марказига кетаётганимда полиция мени қўлга олди. У ерда менга ё қонуний чора кўрилишини, ёки ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузишим кераклигини айтишди. Акс ҳолда менга уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилиш хавфи бор эди. Тўрт ой давомида махсус ҳарбий операцияда қатнашиб, қамоққа тушмаслик учун қайтиб келиш мумкинлигини билгач, шартнома имзоладим», — деб баён берган судланувчи.

Шундан сўнг Ш. И. Хабаровскка юборилган ва у ерда бошқа шартномачилар билан бирга 14 кунлик ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Кейин уни Украинанинг Запорожье вилоятига жўнатишган. У ерда Россия Қуролли Кучлари таркибида Украинага қарши урушда фаол иштирок этган.

2025 йил 21 июнь куни ракета зарбаси натижасида у яраланган ва касалхонага ётқизилган. 1 октябрь куни Ш. И. Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.

«21 июнь куни Запорожье вилоятидаги ўрмонда жойлашган окопда биз — жами 126 нафар ҳарбий хизматчи — қўмондонлик буйруғини кутаётган эдик. Шу вақтда дрон ҳужуми содир бўлди. Бел соҳамдан, оёғимдан ва чап оёқ бармоқларимдан парчали жароҳат олдим ва шу жароҳатлар билан 14 кун окопда жон сақладим. Тирик қолганлар атиги тўрт киши эдик. Кейинроқ мени ва уч нафар ҳарбийни Ростовга олиб боришди, у ерда 12 кун даволандим. Сўнгра мени Санкт-Петербургга ўтказишди ва чап оёғимда операция ўтказилди. Россия фуқаролик паспортим янгилаб берилди, «МҲО»даги иштироким ва ярадор бўлганим учун медаль билан тақдирландим ва 492 минг рубль миқдорида суғурта пули олдим. Даволаниш якунлангач, 2025 йил 1 октябрь куни Қирғизистон орқали Ўзбекистонга қайтдим», — деб маълум қилди Ш. И. судда.

Тергов жараёнида Ш. И.дан шартнома пуллари, даволаниш учун маблағлар, шунингдек, ҳар ойнинг 10-санасида тушиб турган 43 минг рубль миқдоридаги иш ҳақи ўтказилган банк картаси топилган.

Унинг қўл телефонида Ш. И.нинг «Россия Қуролли Кучлари» ёзуви ва Россия давлат байроғи тасвири бўлган дала ҳарбий кийимида, қўлида қурол билан тушган фотосуратлари, шунингдек, жароҳатланган ҳолатидаги суратлари аниқланган.

Судда Ш. И. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирган. У муқаддам судланмаганини, жиноятни озодликдан маҳрум этилишдан қутулиш учун мажбурликдан содир этганини, оиланинг ягона боқувчиси эканини ва Ўзбекистонга ўз хоҳиши билан қайтганини айтиб, жазони енгиллатишни сўраган.

Суд Ш. И.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) ва 154-1-моддаси 1-қисми (Чет эл давлатининг ҳарбий хизматига кириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.

Жазоларни қисман қўшиш йўли билан Ш. И.га 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.