Бухоро мактабида ўқувчининг отаси унинг синфдошларини калтаклади

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 34-мактабнинг 4-синф ўқувчиларидан бирининг отаси синфга кириб, болаларни калтаклаётгани, синф раҳбари эса бунга бефарқ қараб тургани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳ берди.

Ҳодиса 2025 йилнинг 30 апрелида содир бўлган. Ўша куни синф ўқувчилари кўчада жанжаллашиб қолишган, улардан бири отасига қўнғироқ қилиб, уни калтаклашганини айтган. Ота (Б.Ш.) дарҳол синфга келиб, ўғлини ургани айтилган болаларни омма олдида калтаклаган.

Мактаб раҳбарияти отанинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган. Ўқув муассасаси ҳудудига бегона шахснинг киришига йўл қўйган мактаб қоровули Ш.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. 34-мактаб директори ҳам хизмат вазифаларини бажаришдаги лоқайдлиги ва бундай вазиятга йўл қўйгани учун ишдан бўшатилган.

“Таълим муассасасида ҳар бир бола ўзини хавфсиз ва ҳимояланган ҳис қилиши керак. Бунинг учун мактаб маъмурияти ҳам, ҳар бир педагог ҳам тенг даражада масъулдир. Шу сабабли, таълим тизимида лоқайдликка йўл қўйган ҳар қандай ходимга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрилади”, — дейилади хабарда.

Синф раҳбари ва директор ўринбосарлари фаолияти юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда, дея қўшимча қилди бошқарма.