
Бухоро вилоятида туғилган ота ва ўғил террористик фаолиятда гумон қилинмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
ДХХ маълумотларига кўра, 27 ёшли бухоролик фуқаро 2019 йилда Сурияга бориб, «Катиба ат-Тавҳид вал-Жиҳод» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган. Жангарилар фаолиятида иштирок этиш билан бирга, йигит ижтимоий тармоқларда турли баҳоналар билан пул йиғиб, террористик ташкилотни молиялаштириб келган.
2021 йилдан 2025 йилгача у интернет орқали Ўзбекистон фуқароларини крипто-валюта кўринишида маблағ ўтказишга ундаган. Унинг алдови қурбонига айланиб, пул ўтказган 8 нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 155-3-моддаси (Терроризмни молиялаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Тергов маълумотларига кўра, йигит ўз жиноий фаолиятига 61 ёшли отасини ҳам жалб қилган. Ота 2022 йилдан 2025 йилгача ўғлига Binance халқаро криптобиржаси орқали жами 13 597 USDT (қиймати АҚШ долларига тенг бўлган рақамли валюта) ўтказиб берган.
Бунга қадар ота диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари йўғрилган материалларни тарқатиш билан шуғулланган бўлиб, шу сабабли 2019 йилда Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Кейинчалик Бухоро шаҳар суди қарори билан шартли равишда озод қилинган ва шундан сўнг яна жиноят содир этган.
Бухоро шаҳар суди ҳукми билан ота Жиноят кодексининг 155-3-моддаси 2-қисми «а» банди (Терроризмни такроран ёки хавфли рецидивист томонидан молиялаштириш) ва 278-8-моддаси 2-қисми (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан айбдор деб топилди ва 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ўғлига нисбатан Жиноят кодексининг 244-1, 244-2, 155-2 (Террористик фаолиятни амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) ва 155-3-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. У қидирувга берилган.