Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/03/2026

«Бувим шуни хоҳлайдилар» энди эрта никоҳ қуриш учун асос бўлмайди — ПА раҳбари ўринбосари

Ўзбекистон жамиятида эрта никоҳ ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳали ҳам кенг тарқалган бўлиб, қизларни барвақт турмушга бериш ҳолатлари камаймаяпти. Бу ҳақда Президент администрациясининг суд тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича раҳбар ўринбосари Нодира Ҳакимова давлат раҳбарининг хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини кучайтириш тўғрисидаги фармонига изоҳ бераркан, маълум қилди.

«Никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган бўлса-да, турли баҳоналар билан уни пасайтириш амалиёти мавжуд», — деди.

Эндиликда никоҳ ёшини пасайтириш учун аниқ ва тугал асослар рўйхати белгиланади.

«Бундан буён жамиятда тарқалган «бувим шуни хоҳлайдилар» ёки «куёв келинни чет элга олиб кетиши керак» каби асослар вояга етмаган қизларни турмушга бериш учун сабаб бўлолмайди. Бундан ташқари, фармонда никоҳ шартномасини тузишни оммалаштиришга қаратилган ислоҳотлар кўзда тутилган», — деди Нодира Ҳакимова.

Шунингдек, у қуйидагиларни таъкидлади: «Бугун биз қизларимизни имкон қадар тўлиқ олий маълумот олиб, касб-ҳунар эгаллаб, шаклланган шахс сифатида турмуш қуришларига ундашимиз керак».

ПА раҳбари ўринбосари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш ҳақида модда борлигини эслатиб ўтди. Унда вояга етмаган шахс билан никоҳ қурган эркак, унинг ота-онаси, диний маросимни ўтказган шахс учун жазо кўзда тутилган, бироқ воситачи учун жазо йўқ эди.

Эндиликда ушбу модда вояга етмаган қизни турмушга беришга даъват қилган, қизиқтирган ва рағбатлантирган фуқароларга ҳам тегишли бўлади.

Ўқишга қайтиш имконияти

«Кўпгина қизларнинг ўқишни тугата олмаслиги, талабалар сафидан четлатилиши ёки курсда қолишига оилавий шароит, фарзанд дунёга келиши ёки ҳомиладорлик сабаб бўлмоқда. Бу қизларга энди таълимни охиригача етказиб қўйишлари учун «иккинчи имконият» берилади. Уларга таълим дастурини мустақил ўзлаштириш, зарур модуль ва имтиҳонларни топшириш орқали ўқишни якунлаб, диплом олиш имконияти яратилади», — деди Нодира Ҳакимова.

Унинг сўзларига кўра, эрта ёшда фарзанд кўрган қизларни ҳар бир давлат органи изчил қўллаб-қувватлайди.

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров аввалроқ эрта никоҳлар ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ногиронлиги бўлган болалар туғилиши эҳтимолини сезиларли даражада оширишини таъкидлаган эди. 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизларнинг ёши 15-17 ёш бўлган 155 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган.

Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган (2019 йилда аёллар учун 17 ёшдан кўтарилган). 2016 йилда ФҲДЁ органлари 17 ёшли 4233 нафар қизнинг никоҳини қайд этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 4853 тани, 2018 йилда эса 5123 тани ташкил этган. 2021 йилда хабар берилишича, аёллар учун никоҳ ёши оширилганидан кейин 17 ёшли қизларнинг никоҳи 2020 йилда бирданига 97 фоизга камайиб, 88 та ҳолатни ташкил этган.