«Бу итлар жанги эмас». Ўзбекистон мураббийи — ЖЧ финалида россиялик боксчи Халоқовни тишлаб олгани ҳақида

2024 йилги Олимпия ўйинлари чемпиони, икки карра жаҳон ва Осиё чемпиони Абдумалик Халоқов (60 кг) Дубайда 2025 йил 2–13 декабрь кунлари бўлиб ўтган IBA жаҳон чемпионатида европалик чемпион, россиялик Всеволод Шумковга имкониятни бой берди.

Ўзбекистон вакили уч раундлик баҳсда ҳакамларнинг бўлинган қарорига кўра — 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бироқ финалнинг асосий эпизоди йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат бўлди. Учинчи раунд тугашига 55 сония қолганда, клинч пайтида россиялик боксчи Халоқовнинг қулоғидан тишлаб олди. Рефери жангни тўхтатмади ва ҳеч қандай санкция қўлламади. Ушбу ҳолат видеотасвирга тушиб қолди ва ижтимоий тармоқларда тез тарқалди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов ушбу эпизодни кескин танқид қилди: «Агар бизнинг спортчимизнинг қулоғини тишлаб олишса, ғалабани уни тишлаганга беришяпти. Агар бизнинг спортчимиз рақибнинг қулоғини тишласа, уни дисквалификация қилишади. Адолат қаерда?»

У бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслигини қўшимча қилди: «Бу рақибни тишлаш учун итлар жанги эмас».

Рўзиохунов, шунингдек, рингда бу ҳолатни пайқамаганини, чунки Халоқов «ҳаётида ҳеч қачон шикоят қилмаганини» таъкидлади.

Абдумалик Халоқовнинг ўзи жамоа нима учун шикоят қилмагани ҳақидаги саволга: «Биз шунчаки эркакмиз», деб жавоб берди.

Ўзбекистон бокс федерацияси жанг якунлари бўйича протест киритилгани ҳақида ҳозирча хабар бермади.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси IBA жаҳон чемпионатида 9 та медаль (2 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза) қўлга киритди ва умумилмий ҳисобда Россия (7-5-1) ҳамда Қозоғистондан (3-1-2) кейин учинчи ўринни эгаллади. Олтин медалларни Ҳасанбой Дўсматов (у шунингдек «Турнирнинг энг яхши боксчиси» деб топилди) ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев қўлга киритди.

2025 йилги IBA жаҳон чемпионати соврин жамғармаси бўйича рекорд ўрнатди — 8,3 млн евро. Шахсий натижалар учун мукофот пуллари қуйидагича тақсимланди:

  • 1-ўрин — 300 минг доллар
  • 2-ўрин — 150 минг доллар
  • 3-ўрин — 75 минг доллар
  • 5-ўрин — 10 минг доллар

Турнир Умар Кремлёв бошчилигидаги IBA шафелигида ўтди. Халқаро олимпия қўмитаси бошқарувдаги муаммолар, молиялаштиришнинг шаффоф эмаслиги ва ҳакамликдаги қонунбузарликлар туфайли ушбу ташкилотни тан олишдан маҳрум қилган. ХОҚ билан давом этаётган низо фонида айнан ушбу мусобақалар олимпия тизимидан ташқарида қолиб кетишига бир баҳя қолди. IBA га муқобил сифатида 2023 йилда World Boxing тузилмаси ташкил этилди, шундан сўнг ХОҚ боксни 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурига расман киритди.

2024 йилдаги шунга ўхшаш ҳолат

2024 йил декабрь ойида боксчи Ҳавасбек Асадуллаев 71 кг гача бўлган вазнда қозоғистонлик Аблайхон Жусуповни мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлган эди. Жанг пайтида у рақибининг елкасидан тишлаб олган. Қозоғистон бокс федерациясининг протестидан сўнг, ASBC техник делегати Асадуллаевни қоидаларни жиддий бузгани учун дисквалификация қилди. Олтин медаль Жусуповга топширилди.