
Франция кинематографияси юлдузи Брижит Бардо 28 декабрь куни 91 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда Le Monde ва Guardian.
Бардо 1934 йилда Парижда туғилган. Ёшлигида балет билан шуғулланган ва фотомодель бўлиб ишлаган. Унга режиссёр ва турмуш ўртоғи Роже Вадимнинг «Ва Худо аёлни яратди» (1956) фильмидаги роли дунё миқёсида машҳурлик келтирган. Бардонинг ҳисобида 50 дан ортиқ фильмлар мавжуд бўлиб, улар орасида Анри-Жорж Клузонинг «Ҳақиқат» (1960), Луи Мальнинг «Шахсий ҳаёт» (1962) ва Жан-Люк Годарнинг «Нафрат» (1963) каби картиналари бор.
1973 йилда Бардо актёрлик фаолиятини якунлади ва ўзини ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлади. 1986 йилда у ҳайвонлар бошпаналарини қўллаб-қувватлаш ва стерилизация ишларини молиялаштириш билан шуғулланувчи «Брижит Бардо жамғармаси» хайрия ташкилотига асос солган.

