
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «М-25» («Мустақилликнинг 25 йиллиги») газ конида 2024 йил сентябрь ойидан буён давом этаётган газ чиқиши билан боғлиқ аварияни бартараф этиш бўйича ечим топилди. Бу ҳақда 2026 йил 27 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, газни қайта ишлаш мажмуасидаги технологик муаммо бўйича халқаро ҳамкорлар билан биргаликда «илмий ечим» топилган.
«Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига кучли туртки берадиган лойиҳани ҳам ишга туширамиз», — деб таъкидлади давлат раҳбари.
Яқинда «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов авария юз берган «М-25» конига ташриф буюрди. У жойида масъул шахслар билан йиғилиш ўтказиб, объектнинг техник ҳолати, хавфсизлик чоралари ва оқибатларни бартараф этиш ишларининг бориши билан танишди.
Компания маълумотларига кўра, техноген вазиятни бартараф этиш учун етакчи халқаро тузилмалар билан музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, Хитойга амалга оширилган ишчи ташриф доирасида ушбу масала дунёдаги энг йирик нефть-газ компанияларидан бири бўлган Хитойнинг CNPC корпорацияси раҳбарияти билан муҳокама қилинган.
Шунингдек, Американинг Schlumberger компанияси экспертларини жалб этиш кутилмоқда. Улар иштирокида вазиятни барқарорлаштириш ва аварияни якуний бартараф этиш бўйича босқичма-босқич ечимлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 сентябрь куни коннинг 604-қудуғида бурғилаш ишлари вақтида авария туфайли таркибида олтингугурт водороди юқори бўлган газ сизиб чиқиши юз берган ва тўрт киши ҳалок бўлган эди. Маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган. Жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилмаган.
2025 йил март ойида яна бир — 202-сонли қудуқда газ чиқиши содир бўлди. Кейинги чиқиндиларнинг олдини олиш мақсадида кондаги газ ёқиб юборилди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов коннинг хусусиятлари ва мураккаблиги ҳақида гапириб, аварияни «фавқулодда вазият» деб атаган эди. Eriell раҳбари маслаҳатчиси эса ҳодисани қатлам босимининг аномал даражада юқорилиги ва олтингугурт водородининг ускуналарга таъсири билан изоҳлаган.
Авария оқибатларини бартараф этиш учун олти ойгача муддат берилган бўлса-да, ҳозирги вақтга қадар у тўлиқ бартараф этилмаган.
М-25 лойиҳаси ҳақида
М-25 кони ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ўзлаштирилмаган энг йирик газ кони ҳисобланади. Газ захиралари 150 млрд куб метрдан ортиқ хом газга баҳоланган. Захираларнинг асосий қисми таркибида карбонат ангидрид ва олтингугурт водороди миқдори юқори.
2017 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати инвесторлар консорциуми — Gas Project Development Central Asia («Газпром» ва «Газпромбанк»нинг собиқ қўшма корхонаси), Altmax Holding (Кипр) ва «Ўзнефтгазқазибчиқариш» билан Сурхондарё вилоятида газни қайта ишлаш мажмуасини қурган ҳолда «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конини қўшимча қидириш ва ўзлаштириш бўйича Маҳсулот тақсимотига оид битимни имзолаган эди.
Бутун мажмуа қиймати 5,8 млрд долларга баҳоланган. Газ-кимё мажмуасининг қиймати 2,9 млрд долларни ташкил этган (2021 йил апрелида лойиҳа 2 млрд долларга баҳоланган эди). Мажмуа йилига 5 млрд куб метр газни қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади.
Лойиҳа 35 йил муддатга МТБ шартлари асосида амалга оширилмоқда, оператор сифатида Surhan Gas Chemical Operating Company ХК МЧЖ иштирок этмоқда.
Бурғилаш ишларини Eriell компанияси, лойиҳалаш, ускуналар етказиб бериш ва газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва ташиш тизимини «тайёр ҳолда топшириш» шарти асосида қуришни — Enter Engineering компанияси амалга оширган. Ҳар икки компания тадбиркор Бахтиёр Фозилов билан боғлиқ бўлган.
Сурхондарёдаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ кони учун Россия техникасини экспорт қилишга ВЭБ.РФ ва «Газпромбанк» 2021 йилда 900 млн доллар кредит ажратган.
2023 йил ноябрь ҳолатига кўра, конни ўзлаштиришга 1,45 млрд доллар инвестиция киритилган, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланиб, 11 та газ қудуғи муваффақиятли синовдан ўтказилган. Пойдевор ишлари ва металл конструкцияларни қуриш деярли якунланган эди.
ГҚИЗда газни қазиб олиш ва қайта ишлашдан ташқари, суюқ олтингугуртни қаттиқ ҳолатга ўтказиш учун гранулация ва қотириш қурилмасини ўрнатиш кўзда тутилган эди. Бу қурилма йилига 460 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши мўлжалланган.
Лойиҳа технологиясида Бойсун газни қайта ишлаш мажмуасининг ўзига хос жиҳати қазиб олинадиган хомашё таркибида олтингугурт водороди (H2S) ва карбонат ангидрид (CO2) каби «нордон компонентлар»нинг кўплиги экани қайд этилган. Улар кучли коррозияга сабаб бўлувчи аралашмалар бўлиб, муайян шароитларда қувурлар ва ускуналарга жиддий хавф туғдиради, уларнинг шикастланиши эса атроф-муҳит ифлосланиши ва моддий зарарга олиб келиши мумкин.