Энергетика вазирлиги Бойсундаги М-25 конида нефть маҳсулоти сизиб чиққанини тасдиқлади

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги М-25 кони ҳудудида 2025 йил декабрь ойи охирида ер юзасига таркибида нефть бўлган суюқлик сизиб чиқиши кузатилган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан сўнг Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тасдиқлади.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, суюқликнинг хавфсиз сақланиши ва кейинчалик қайта ишланишини таъминлаш мақсадида у доимий равишда ҳар бирининг ҳажми 5000 кубометр бўлган иккита махсус изоляция қилинган шлам кўлларига ташилмоқда. Суюқлик атрофга ёйилиб кетмаслиги учун унинг чиқиш нуқтаси атрофида ва яқин орадан оқиб ўтувчи сой бўйлаб қўшимча ҳимоя кўллари яратилган.

«Барча ишлар амалдаги саноат ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда олиб борилмоқда. Нефть суюқлиги намуналари таҳлил қилинмоқда. Уларнинг натижаларига кўра қайта ишлаш имкониятлари баҳоланади. Геологик изланишлар давом этмоқда», — деб таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Вазият доимий назорат остида. Нефть чиқиши локализация қилинган. Каналларга тушган нефть суюқлигини тозалаш ишлари олиб борилмоқда, дея қўшимча қилди вазирлик.

2024 йил 1 сентябрь куни «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конидаги қудуқда бурғилаш ишлари вақтида таркибида водород сульфиди юқори бўлган газ сизиб чиқиши содир бўлган эди. Маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган. Аварияни бартараф этиш ишлари икки ҳафта давом этди ва 15 сентябрь куни газ чиқиши тўхтатилди. Бироқ икки кундан кейин сизиб чиқиш қайта бошланди, натижада 4 киши ҳалок бўлди ва яна 11 киши жароҳатланди. Ҳудудда газ сизиб чиқиши ўшандан бери бир неча нуқтада давом этмоқда ва атроф-муҳитга зарар етмаслиги учун улар ёқиб қўйилган.