Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 26/03/2026

Аттракционларсиз ва хусусийлаштириш тақиқи билан. Ўзбекистондаги ботаника боғлари ва дендропарклар қандай бўлади

Ўзбекистонда 2028 йилгача ҳар бир ҳудудда майдони камида 100 гектар бўлган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳақда 2026 йил 23 март куни Президентга экологик лойиҳалар тақдимоти чоғида маълум бўлди.

Асосий мақсад — мамлакатда кўкаламзорлаштириш даражасини 2030 йилгача 14,2 фоиздан 30 фоизгача, аҳолини яшил ҳудудлар билан таъминлаш кўрсаткичини эса киши бошига 9–10 квадрат метргача ошириш. Бу чоралар ҳаводаги ифлослантирувчи PM2.5 ва PM10 заррачалари концентрациясини 20–25 фоизга камайтириш, шунингдек, шаҳарларнинг марказий қисмларида ҳаво ҳароратини 1,5–2 фоизга пасайтириш имконини бериши кутилмоқда.

2025 йилда ботаника боғларига қўриқланадиган ҳудуд мақоми берилган эди. Янги лойиҳа доирасида худди шундай мақомни ташкил этилаётган дендрология боғларига ҳам бериш кўзда тутилмоқда. Ўрмонларни кўпайтириш ва яшил зоналарни кенгайтириш ҳамда саҳроланишга қарши курашиш агентлиги директори Эркин Муҳитдиновнинг сўзларига кўра, янги объектлар яхлит мажмуалар шаклида шакллантирилади.

Уларнинг ҳар бирида камида 50 минг туп манзарали, баргли ва игнабаргли дарахт ҳамда буталар экиш режалаштирилган. Унинг таъкидлашича, боғларда аҳоли дам олиши учун барча шароитлар яратилади.

«Шунингдек, аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун шароитлар: сайр йўлаклари, пиёда ва оилавий сайр қилиш зоналари, велоёлаклар ташкил этилади. Очиқ кутубхоналар ва пикник зоналари ташкил этилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, бундай боғлар ҳудудида аттракционлар қуриш ва жойлаштириш қатъиян тақиқланади», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Муҳитдинов янги объектлар алоҳида мақомга эга бўлишини урғулади.

«Фармоннинг муҳим қоидаси шундаки, ботаника боғлари ва дендрология парклари умуммиллий аҳамиятга молик объектлар ҳисобланади. Бу уларни бегоналаштириш, хусусийлаштириш ёки ҳудудини қисқартириш қатъиян ман этилишини англатади», — деди.

Ҳозирги вақтда ҳудудларда бундай лойиҳалар учун ер участкалари ажратиб бўлинган. Хусусан, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 77 гектар майдонда биринчи дендропаркни ташкил этиш бошланди ва у ерда аллақачон 10 мингга яқин дарахт экилди. Ўрмон хўжаликлари бошқа ҳудудларда ҳам боғлар барпо этиш учун уруғ ва кўчатлар тайёрлаш ишларини олиб бормоқда.

Бундан ташқари, ушбу объектлар негизида Green University («Яшил университет») ва Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда континентал иқлимга мослашган — қурғоқчиликка, шўрланишга, ёзги жазирама ва баҳорги совуқларга чидамли дарахт ва буталарни етиштириш йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудларда кўчат материалларини мамлакат бўйлаб кейинчалик тарқатиш учун оналик плантациялари яратилади.

Тошкентда бугунги кунда жамоат парклари майдони қарийб 893 гектарни ташкил этади, бироқ бир аҳолига тўғри келадиган яшил майдон миқдори меъёрдаги 17–19 кв. м ўрнига атиги 2 кв. м ни ташкил этмоқда, деб хабар берган эди урбанизация қўмитаси раҳбари Шерзод Қудбиев. Муаммони ҳал қилиш учун 140 гектар майдонда 9 та парк ташкил этиш режалаштирилган.