
2025 йил 31 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла ўрмон хўжалигининг тепалик ҳудудида қуруқ ўт ёнди. Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати ўрмон ёнғини ҳақида тахминан соат 13:00 да хабар келиб тушганини маълум қилди.
Воқеа жойига Тошкент вилояти ФВБнинг ёнғин-қутқарув бўлинмалари, ўрмон хўжалиги ходимлари ва Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари етиб келди. Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолётлари жалб этилди.
Ёнғин соат 16:41 да локализация қилинди ва соат 17:12 да ўчирилди, дейилади хабарда.
Бу Бўстонлиқ тоғларида бир ҳафта ичидаги иккинчи ёнғин бўлиб, 2025 йил 24 июль куни Хожикентда тахминан 2 гектар майдонда қуруқ ўт ва буталар ёнган эди. Ўшанда ҳам ёнғинни бартараф этишга Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолётлари жалб қилинган эди.
2025 йил 23 июль куни «Сурхон» қўриқхонасида катта ёнғин содир бўлиб, 5 гектарга яқин майдонни қамраб олган эди. Ўчириш 8 соатдан зиёд вақтни олди, ҳарбий вертолётлар ҳам жалб қилинган эди.
«Ўзбеккосмос» июль ойи бошида май ойи охиридан буён Ўзбекистонда дала ёнғинлари майдони 14,5 минг гектардан ошганини хабар қилганди.