
Олий Мажлис Сенати 2025 йил 19 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари (УЖМШ) томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бунга фуқароларнинг кўплаб шикоятлари, бошқарув компанияларини танлашдаги қонунбузарликлар, ҳисобдорликнинг йўқлиги, Mening uyim биллинг тизимидаги муаммолар ва маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари сабаб бўлди.
Соҳадаги муаммолар тўғрисида сенатор Ўктамжон Охунов маъруза қилди.
Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда 44 280 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, улардаги 1,5 миллиондан ортиқ хонадонга 971 та бошқарув сервис компанияси ва 241 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатмоқда.
Ҳудудларда 2022–2024 йилларда:
- 6 344 та уй мукаммал таъмирланди;
- 2 269 та уйнинг томи таъмирланди;
- 7 715 та кириш йўлаги (подъезд) таъмирланди;
- 10 509 та электр тақсимлаш қалқони таъмирланди;
- 1 923 та ертўлалардаги муҳандислик коммуникациялари таъмирланди;
- 2 098 та уйнинг фасади таъмирланди;
- 5 395 та кириш йўлагига кодли темир эшиклар ўрнатилди.
Бошқарув компаниялари устидан минглаб шикоятлар
Сенаторнинг сўзларига кўра, амалга оширилаётган ишларга қарамай, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
2023 йилдан ҳозирги вақтга қадар Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига бошқарув компаниялари фаолияти билан боғлиқ минглаб мурожаатлар келиб тушган.
Энг кўп учрайдиган шикоятлар қуйидагилар:
- бошқарув компаниялари ишидан норозилик – 19 578 та мурожаат;
- ҳудудларни ободонлаштириш – 5 396 та;
- вентиляция, лифт, том ва ҳимоя конструкцияларидаги носозликлар – 4 087 та.
Бу каби мурожаатларнинг аксарияти Тошкент шаҳри (13 859 та), Тошкент вилояти (2 837 та), Сурхондарё (785 та) ва Қашқадарё (695 та) вилоятларида қайд этилган.
Бундан ташқари, фуқаролар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида давлат назоратининг етарли эмаслиги (736 та), бошқарув компаниялари раҳбарларини тайинлаш ва ишдан бўшатиш масалалари (221 та) ҳамда Mening uyim биллинг тизимидаги муаммолар (996 та) бўйича шикоят қилганлар.
2024 йилда 2023 йилга нисбатан мурожаатлар сони айниқса Қорақалпоғистонда (44 фоизга), Жиззах (90 фоизга), Сирдарё (35 фоизга) ва Қашқадарё (30 фоизга) вилоятларида ошган.
Компаниялар мулкдорларсиз танланмоқда
Сенатор таъкидлаганидек, таҳлиллар кўп квартирали уйларни бошқаришда жиддий қонунбузарликларни аниқлади.
Жумладан, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун талабларига қарамай, бошқарув сервис компаниялари аксарият ҳолларда уй-жой мулкдорларининг иштирокисиз тайинланмоқда.
2024 йилда Тошкент шаҳрининг Яшнобод (1 096 та уй), Мирзо Улуғбек (17 та) ва Юнусобод (115 та) туманларида уйлар очиқ танловларсиз ва умумий йиғилиш қарорларисиз бошқарув компанияларига бириктирилган.
Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасидаги 4-уйда бошқа бошқарув компаниясига ўтиш ҳақидаги баённома аҳолини хабардор қилмасдан расмийлаштирилган бўлиб, ҳужжатда йиғилиш котиби сифатида 8 йил аввал вафот этган шахс кўрсатилган ва унинг имзоси сохталаштирилган.
Битта компанияга юзлаб уйлар ва стандартларнинг йўқлиги
Президентнинг 2021 йил 19 июндаги қарори (ПҚ-5152) билан кўп квартирали уйларни тегишли даражада сақлашни таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати тасдиқланган. Бироқ ушбу рўйхат мулкдорларнинг умумий йиғилишлари қарорлари билан тасдиқланмаган ва тегишли баённомалар билан расмийлаштирилмаган.
Шунингдек, битта бошқарув компаниясига унинг кадрлар ва техник имкониятлари ҳисобга олинмасдан 100 дан ортиқ, айрим ҳолларда эса 300 дан ортиқ уйни бошқариш топширилгани аниқланган.
Масалан, Урганч шаҳрида Xorazm Shinam Uylar компаниясига 307 та уй, Асака туманида Bio Tech Servis га – 172 та уй, Самарқандда Samarqand Oltin Asr га – 167 та уй, Когонда Baxshullo Kamoliddin га – 131 та уй, Термизда Sarvar Termiz Servis га – 124 та кўп квартирали уй бириктирилган.
Бошқарув компаниялари томонидан кўрсатилаётган хизматлар тўлиқ ва сифатли эмаслиги, шунингдек, бошқарув соҳасида шартномаларнинг ягона тавсиявий намуналари ёки стандартлари мавжуд эмаслиги сабабли бошқарув сервис компаниялари ва мулкдорлар ўртасида турли низолар келиб чиқмоқда.
Бундан ташқари, хизматлар амалда кўрсатилмасдан мажбурий бадалларни ундириш, хизмат сифати ёмонлиги сабабли шартнома тузишдан бош тортиш, шунингдек, мажбурий бадалларни тўламаслик ҳолатлари қайд этилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига келиб тушган мурожаатлар бўйича 2024 йил ва 2025 йилнинг 11 ойи давомида 401 нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди. Энг кўп қонунбузарликлар Хоразм, Тошкент, Навоий ва Самарқанд вилоятларида аниқланган.
Ҳисобдорлик ва шаффофликнинг йўқлиги
Қонун бошқарув компаниялари зиммасига йилига икки марта мулкдорлар олдида маблағларнинг келиб тушиши ва сарфланиши тўғрисида ҳисобот бериш мажбуриятини юклайди, бироқ уларнинг кўпчилиги бу талабга риоя қилмаяпти. Кўпгина туманларда ҳисоботлар бир марта ҳам тақдим этилмаган.
Бундан ташқари, бошқарув компанияларининг электрон реестри ва рейтингини шакллантириш ишлари якунига етказилмаган, ҳужжатлар – шартномалар, бажарилган ишлар далолатномалари, тўлов чеклари – кўпинча Mening uyim тизимига юкланмайди.
Ертўлаларни мулкдорлар розилигисиз ижарага бериш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда, бунда ижара ҳақидаги маълумотлар биллинг тизимида акс эттирилмайди.
Масалан, Хонобод шаҳрида 90 та уй, Андижон шаҳрида 648 та, Термиз шаҳрида 181 та уй бўйича бошқарув сервис компаниялари томонидан ертўлаларни ижарага бериш тўғрисидаги ҳисоботлар Mening uyim тизимига киритилмаган.
Шунингдек, ўрганишлар давомида 112 та кўп квартирали уйда ва уларга туташ ҳудудларда бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилмагани «аҳолининг ҳақли эътирозларига» сабаб бўлаётгани аниқланди.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида 32 та, Жиззах вилоятида 23 та, Сурхондарё вилоятида 12 та, Андижон вилоятида 12 та кўп квартирали уйда ва туташ ҳудудларда жами 17 та бошқарув сервис компанияси томонидан ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаган.
Жиноят ишлари ва кадрлар етишмовчилиги
Йиллик иш ҳажми ва уларнинг қийматини режалаштиришнинг йўқлиги маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш учун шароит яратмоқда. Фақат 2025 йилнинг ўзида уй-жой мулкдорларидан ундирилган 6,7 млрд сўмлик маблағларни талон-торож қилиш ва мақсадсиз сарфлаш билан боғлиқ 27 та жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, мамлакатда бошқарув компаниялари ходимларининг штат бирлиги ва малакаси бўйича нормативлар ишлаб чиқилмаган. Таққослаш учун, Россия стандартларига кўра, ҳар учта уйга битта фаррош тўғри келади. Шунингдек, ҳар 7 та уйга биттадан сантехник ва пайвандчи, ҳар 22 та уйга эса битта электрик талаб этилиши аниқланган. Шунга асослансак, биргина Тошкент шаҳрида 3739 нафар фаррош керак, амалда эса уларнинг сони 1618 нафарни ташкил этади.
Сенатор Малика Қодирхонова мисол тариқасида қайд этдики, биргина ўтган йилнинг ўзида Президент қабулхоналарига 42 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 20 мингтаси (ёки деярли ярми) бевосита бошқарув компаниялари фаолиятидан норозилик билан боғлиқ.
«Бошқарув сервис компаниялари коммунал хизматлар учун тўловларни ундириш мақсадида мулкдорлар билан шартномалар тузиши шарт. Бироқ амалиётда улар маҳаллий ҳокимликлар иштирокидаги умумий йиғилишларда қабул қилинган қарорларга таянадилар ва шу асосда тўловларни ундирадилар», деди.
Сенаторлар нималарни таклиф қилмоқда
Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровида қуйидагилар таклиф этилади:
- бошқарув компанияларини танлашда мулкдорлар иштирокини таъминлаш;
- битта компанияга бириктириладиган уйларнинг чекланган сонини белгилаш;
- ходимларнинг жиҳозланганлиги ва малакаси устидан назоратни кучайтириш;
- компаниялар ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни тўлиқ рақамлаштириш;
- шартномаларнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш;
- мажбурий бадалларни белгилаш ва ҳисобдорлик устидан назоратни кучайтириш;
- ертўлаларни мулкдорлар розилигисиз ижарага беришни олдини олиш;
- уйларни бошқаришда хорижий тажрибани жорий этиш бўйича тушунтиришлар бериш.
«Одамларнинг кайфияти билан боғлиқ жиддий масала»
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизматлари сифати юзасидан парламент сўрови ҳукумат билан шунчаки расмий ёзишма бўлиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бу одамларнинг кайфиятига бевосита таъсир қиладиган жиддий масала.
У совуқ мавсум бошланиши билан кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш муаммоси аҳоли учун айниқса сезиларли бўлишини таъкидлади.
Бошқарув сервис компаниялари ташкил этилган пайтдан бошлаб, Танзила Норбоева қайд этганидек, аҳоли билан ҳамкорлик тизими йўлга қўйилди, жойларда хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, у амалга оширилган ишларни тан олиш ҳукумат олдига муаммоларни қатъий ва аниқ қўйиш заруратини бекор қилмаслигини таъкидлади.
«Аммо бизнинг вазифамиз, халқ вакиллари сифатида, кўраётганларимизни умумлаштириш ва бу масалаларни ҳукумат олдига қўйиш. Ҳозир қўмитамиз айнан шу билан шуғулланмоқда. Бироқ бу биз шунчаки парламент сўрови юборамиз ва уни кўриб чиқиш муддати белгиланган 1 февралгача қўл қовуштириб ўтирамиз дегани эмас».
У Сенат кутиш позициясини эгалламоқчи эмаслигини ва бу масалани барча босқичларда кузатиб боришини айтди.
Норбоева бошқарув компанияларини танлашда қонун устуворлиги тамойилига риоя қилиш энг муҳим мавзулардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади:
«Биз фуқаролар ўз уйларига хизмат кўрсатиш учун бошқарув компанияларини ўзлари танлашлари керак, деб айтамиз. Лекин амалиётда кўп жойларда эътирозлар эшитиляпти: одамлар биз танловда қатнашмадик деяпти. Майли, агар танланган компания талабларга жавоб бермаса – унда нега айнан у тавсия этилди? Нега бу аҳолига тўғри ва ўз вақтида тушунтирилмади? Агар аҳолининг ўзи таклиф қилган компанияда муаммолар бўлса – бу ҳақда ҳам очиқ гапириш керак».
У парламент қарорининг ҳар бир банди бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши зарурлигини ва унинг ижроси ҳукуматнинг доимий назоратида бўлиши кераклигини айтди.
«Вазирлар Маҳкамаси унинг боришини ҳар ҳафта кўриб чиқиши керак. Тегишли Бош вазир ўринбосари бизга ҳисобот бериши лозим: 1 февралгача муаммолар ҳал бўлдими, ҳал этилиш жараёнидами, қўшимча вақт керакми ва бунга қандай сабаблар бор».
Сўнгги йилларда Тошкентда кўп квартирали уйларни бошқариш шаклини уй-жой мулкдорлари ширкатларидан (УЖМШ) бошқарув компанияларига (БК) оммавий равишда ўтказиш кузатилмоқда. Бу қишда жараён яна фаоллашди ва у яна аҳолининг жиддий норозилиги билан кечмоқда. Одамлар қонунбузарликлардан, ҳокимият вакиллари томонидан босим ўтказилаётганидан, ўтиш жараёни мулкдорлар розилигисиз ва ҳатто иштирокисиз, шаффоф бўлмаган тарзда ўтаётганидан шикоят қилмоқдалар ва хизмат кўрсатиш сифати ёмонлашишидан хавотирдалар.
2025 йил апрель ойи охирида Тошкентдаги уй бошқарувчилари ҳукуматга учинчи бор жамоавий учрашув сўраб мурожаат қилишган, чунки аввалги мурожаатлар натижа бермаган эди. Улар қонунга зид равишда ҳаракат қилаётган ҳокимият органлари томонидан бўлаётган босимларга норозилик билдириб, ҳукумат ва пойтахт ҳокимлигидан тушунтириш талаб қилишган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги аҳолини қўллаб-қувватлашини билдирган бўлса-да, улар таклиф этаётган ечимлар фақат муайян ҳолатларга тегишли, ваҳоланки муаммо оммавий характерга эга.

