
Ўзбекистон Олий суди «Газета» сўровига асосан, 14 ёшга тўлмаган болани зўрлагани учун ҳукм қилинган ва кейинчалик иккинчи зўрлаш жинояти билан қўлга олинган Миржалол Туроновнинг манзил-колонияга ўтказилишининг қонунийлиги масаласини изоҳлади.
2025 йил 16 октябрь куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 50-сонли манзил-колониянинг 31 ёшли маҳкуми маҳаллий корхонада ишда бўлган вақтида қочиб кетиб, 9 ёшли қизни зўрлаган. У жиноят содир этилган куннинг ўзидаёқ қўлга олинган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, Туронов 2018 йил 13 апрелда Фарғона вилоят жиноят ишлари бўйича суди томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш) билан 16 йил озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган. Жазо муддати 2017 йил 11 ноябрдан, яъни у қамоққа олинган кундан ҳисобланган ва 2033 йил 11 ноябрда якунланиши керак эди.
Туронов жазони Қаршидаги 2-сонли жазони ижро этиш колониясида ўтаётган эди. 2024 йилда у манзил-колонияга ўтказиш ҳақида судга илтимоснома киритган. 2-сонли ЖИЭК маъмурияти судга Туроновнинг тузалиш йўлига ўтгани ҳақидаги хулоса билан ижобий тавсифнома тақдим этган.
2024 йил 22 августда Нишон тумани жиноят ишлари бўйича суди Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддаси (манзил-колонияларда жазо ўташ тартиби) асосида Туроновнинг илтимосномасини қаноатлантириб, уни қолган — 9 йилу 2 ой ва 19 кунлик муддатни ўташ учун манзил-колонияга ўтказган. Бу вақтга келиб Туронов тайинланган жазо муддатининг 1/3 қисмидан кўпроғини, яъни 6 йилу 9 ой 11 кунини ўтаган эди.
Олий суднинг аниқлик киритишича, Жиноят-ижроия кодексининг 2023 йил март ойидан кучга кирган 113-моддасининг янги таҳрири манзил-колонияга ўтказиш учун муддатнинг камида ярмини ўташни талаб қилса-да, қонуннинг ўтиш даври қоидалари ҳукмлари қонун расмий эълон қилингунга қадар кучга кирган шахсларга аввалги нормани қўллашга имкон беради.
«Шундай қилиб, ҳукми юқоридаги қонун эълон қилингунга қадар кучга кирган маҳкум М. Туроновга нисбатан Жиноят-ижроия кодексининг аввалги таҳрирдаги 113-моддаси қўлланилган бўлиб, у жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтагандан сўнг манзил-колонияга ўтказишга рухсат берган», — дея қайд этдилар матбуот хизматида.
2025 йил 22 октябрь куни Зангиота тумани жиноят ишлари бўйича судининг ажрими билан Туроновга нисбатан, у Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ва 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий шаклда зўрлик ишлатиб қондириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланаётганлиги сабабли, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Болалар омбудсмани изоҳи
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова берган изоҳида, бу каби фактлар бўйича омбудсман ўз ваколатлари доирасида бола манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан парламент назоратини олиб бораётганини маълум қилди:
«Биз бундай жиноий ишлар бўйича тергов материаллари ва суд ҳужжатларини ўрганиб, тергов ва суд жараёнида жабрланган болаларнинг процессуал ҳуқуқлари қай даражада таъминланганини текширамиз, шунингдек, масъул шахсларнинг эътиборини болаларга дўстона муносабатда бўлиш ва уларнинг қўшимча жароҳатланишининг олдини олиш зарурлигига қаратамиз».
Раҳмонова сўнгги ҳафталарда Наманган (у ерда 38 ёшли эркак етти ёшли қариндошини зўрлаган) ва Тошкент вилоятларида вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда айбланаётган иккала шахс ҳам аввал ҳам худди шундай жиноятлар учун судлангани ва суд ҳукми бўйича жазо ўтаганини тасдиқлади.
«Ҳуқуқий савол туғилади: нега бу шахсларга жазони енгиллаштириш ёки уни ўташ шароитларини ўзгартириш чоралари қўлланилган?» — дея қайд этди.
Омбудсман 2023 йил 11 апрелдаги Қонунга (Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилган) кўра, агар жиноят вояга етмаганнинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилиш ёки зўрлик ишлатиб жинсий эҳтиёжни бузуқ шаклда қондириш билан боғлиқ бўлса, жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо турига алмаштириш қўлланилмаслигини эслатди.
Бироқ, у таъкидладики, бу ўзгаришлар ушбу маҳкумларга нисбатан қўлланилмаган:
«Жиноят кодексининг 13-моддасида жазони оғирлаштирувчи ёки шахснинг аҳволини ёмонлаштирувчи қонун орқага қайтиш кучига эга эмаслиги кўрсатилгани сабабли, ЖКга киритилган, енгиллаштиришни тақиқлаш билан боғлиқ муҳим ўзгаришлар аввал судланганларга нисбатан татбиқ этилмади. Олий суд ҳам қонуннинг ушбу талабига риоя этиш мажбурийлиги ҳақида батафсил тушунтириш берди».
Шу билан бирга, болалар омбудсмани бундай ишлар бўйича тайинланадиган жазо ҳар доим ҳам жиноятнинг оғирлигига мос келмаслигини таъкидлайди: «Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун тайинланаётган жазо жиноятнинг оғирлик даражаси, айб ва шахснинг ижтимоий хавфлилигига мос келмайдиган ҳолатлар кузатилмоқда».
Сурайё Раҳмонова бола манфаатларини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳукмнинг адолатлилиги шубҳа туғдирган қатор суд қарорларига нисбатан прокурор протести киритилишини ташаббус қилди.
«Юзага келган вазият шуни кўрсатадики, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсга уни тузатиш ва янги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида қилмишга мутаносиб ва асосли равишда қатъий жазо тайинланмаслиги, болалар яна ўша шахслар томонидан зўравонлик қурбони бўлишига олиб келувчи такрорий ҳолатларга сабаб бўлмоқда».
Раҳмонова амалдаги қонунчиликни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади:
«Болаларнинг жинсий дахлсизлигини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш учун амалдаги қонунчиликни ислоҳ қилиш ва жазо чораларини кучайтириш зарур», — деди болалар омбудсмани.
Унинг фикрича, болаларга қарши оғир жинсий жиноятлар содир этган шахсларга (зўрлаш, зўрлик ишлатиб жинсий эҳтиёжни бузуқ шаклда қондириш) нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексида назарда тутилган энг қаттиқ жазо — умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш керак.
«Ахир, бундай жиноятлар оқибатида болага етказилган зарар ва бундай қилмишларнинг ижтимоий хавфлилиги одам ўлдиришдагидан кам аҳамиятли эмас. Масалан, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон каби мамлакатларда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан умрбод қамоқ жазоси қўлланилади», — деди.
Сурайё Раҳмонова, шунингдек, агар бир шахс бу турдаги бир нечта жиноят содир этса, жазо муддатларини тайинлаш ёндашувини ўзгартиришни таклиф қилди:
«Агар бир шахс бундай хусусиятга эга бир нечта жиноят содир этса, жазонинг ҳақиқий қатъийлигини таъминлаш учун муддатларни қисман эмас, балки тўлиқ қўшиш орқали жазо тайинлаш имкониятини кўриб чиқиш керак. Қонун бунга йўл қўяди».
Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, қаттиқ жазо чоралари билан бир қаторда тизимли профилактикани кучайтириш талаб этилади.
«Жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун судланган шахслар жазони ўтаб бўлганидан сўнг, доимий мониторингнинг самарали тизими ташкил этилиши керак: уларнинг руҳий ҳолатини, аёллар ва болаларга нисбатан жинсий зўравонликка мойиллигини, такрорий жиноят хавфини ўрганиш, шунингдек, мажбурий психокоррекцион дастурлардан ўтиш. Бу болаларга қарши жиноятларнинг олдини олишга қаратилган муҳим профилактик чора бўлади», — деди.
Судья қарорига саволлар
Ўзбекистондаги зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко, Жиноят кодексининг жазони енгиллатиш тартибини белгиловчи 74-моддасига кўра, 1995 йилдан бери 14 ёшга тўлмаган болани зўрлаган шахсларга жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғига алмаштириш тақиқланганини кўрсатди.
Олий суд бу ҳолатда гап жазони енгилроғига алмаштириш (ЖК 74-моддаси) ҳақида эмас, балки озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ шароитларини ўзгартириш ҳақида кетаётганини аниқлаштирди.
«Агар маҳкум жазони ўташ жойини ўзбошимчалик билан тарк этмаганида, у 16 йиллик озодликдан маҳрум қилиш муддатининг қолган қисмини юқорида кўрсатилган санагача — муддатидан олдин шартли озод қилиниш ва жазони енгилроғига алмаштириш имкониятисиз манзил-колония шароитида ўташда давом эттирган бўлар эди», — дея тушунтирди Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.
Ирина Матвиенко Ўзбекистондаги судлар Жиноят-ижроия кодексини (ЖИЭК) жазони енгиллатиш учун «ҳуқуқий бўшлиқ» сифатида ишлатмоқда, деб ҳисоблайди, гарчи бу ҳужжат тўғридан-тўғри улар учун мўлжалланмаган бўлса ҳам.
«Мен тушунишимча, Жиноят кодексига ўзгартириш киритилганда, одатда ЖИЭКга тегилмайди. Чунки ЖИЭК мантиқан жазони ижро этиш билан боғлиқ. Суд жазони ижро этмайди. У уни тайинлайди», — деди Матвиенко.
Унинг сўзларига кўра, ЖИЭК ЖИДТ, прокуратура ва жазони ижро этувчи ва маҳкумларни назорат қилувчи бошқа органлар учун «стол китоби» ҳисобланади, аммо судьялар учун эмас.
«Ва гарчи қонунда судьялар уни ишлата олмайди деган расмий тақиқ бўлмаса-да, мантиққа кўра, бу уларнинг фаолият соҳаси эмаслиги тушунарли. Тергов ва судьялар учун эса ЖК ва ЖПКга ўзгартиришлар киритилади, булар уларнинг стол китоблари. Менимча, судьялар ЖИЭКга ўзгартиришлар камроқ киритилишини билган ҳолда, одамни чиқариш керак бўлганда, ЖИЭКни шунчаки бўшлиқ сифатида ишлатади», — деди.
Матвиенко, шунингдек, жиноят қонунчилигига ўзгартиришлар киритилаётганда ишчи гуруҳларга одатда масъул вазирликлар ва идоралар, жумладан, судьялар вакиллари киритилишини эслатди.
«Ҳар ҳолда, биз 2023 йилдаги тузатишларни муҳокама қилишда иштирок этганимизда, ишчи гуруҳимиз таркибида Ўзбекистон Олий суди вакиллари бор эди. Аммо улардан ҳеч ким муддатидан олдин шартли озод қилиш ёки жазони енгиллатиш ҳақида гап кетганда, судлар ЖИЭКни ҳам ишлатиши ва у ерга ҳам ўзгартиришлар киритиш кераклиги ҳақида савол кўтармади. Қизиқ, нега бу ҳақда айтилмади?» — дея қайд этди.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, бунга 2 та тушунтириш бўлиши мумкин: «Балки судьялар бундай ҳолатда ЖИЭКга асосланмаслиги керакдир ёки биз билмаган бошқа сабаблар бор эди», — деди Ирина Матвиенко.
У, шунингдек, жазони енгиллатиш ёки МШОҚга ўтказиш тўғрисидаги қарорлар Олий суд порталига деярли юкланмаслигини кўрсатди.
Маълумот учун: Манзил-колонияларда сақланаётганлар маҳбус эмас, балки маҳкум ҳисобланади. Улар қўриқланмасдан, аммо назорат остида сақланади, колония ҳудуди доирасида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқидан фойдаланади, шунингдек, маъмурият рухсати билан иш ёки ўқиш билан боғлиқ бўлса, колония ташқарисида ҳам назоратсиз ҳаракатланиши мумкин.

