
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан 2026−2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлади.
Профессионал тутинган оилалар
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 февралдан Ўзбекистонда зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган, зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилмоқда.
Профессионал тутинган оила ташкил этиш истагидаги номзодлар боланинг зўравонлик оқибатида олган руҳий жароҳатининг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишлар ёки атрофдагилар билан муносабатларидаги бузилишларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади.
Зўравонлик сабабли оиладан ажратиб олинган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ушбу оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида профессионал тутинган оилаларга жойлаштирилади.
Профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг парвариши учун Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида пул маблағлари тўланади.
Ҳар бир боланинг яшаш харажатлари ҳам ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари миқдорида қопланади.
Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун ихчам ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Жинсий зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган болалар «Инсон» марказлари томонидан Хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий бўлимларига уларни албатта алоҳида жойлаштириш шарти билан жойлаштирилиши мумкин.
Юридик ҳимоя ва жавобгарликни кучайтириш
2026 йил 1 сентябрдан зўравонликдан жабрланган, шунингдек, зўравонлик гувоҳи бўлган болаларга тегишли процессуал ҳаракатларга жалб этилган вақтидан бошлаб давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.
Болаларга нисбатан қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан содир этилган зўравонлик фактлари бўйича терговга қадар текширув ва суд жараёнидаги барча турдаги процессуал ҳаракатларда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари иштирок этиши шарт.
Қайта жароҳатланишни минималлаштириш учун зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатмалари албатта видеоёзув орқали қайд этилади.
Болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар ҳақида хабар бермаганлик учун мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимларининг маъмурий жавобгарлигини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ярим йил ичида болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этиш билан боғлиқ ишлар доирасида болалар ва гумон қилинувчилар, айбланувчилар ёки судланувчилар ўртасида юзлаштириш тергов ҳаракатини фақат терговчи ёки прокурор қарори ёхуд суд ажрими асосида ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар ишлаб чиқилиши керак.
Иккита махсус болалар муассасасининг ёпилиши
Фармонда келгуси йилда Қизлар учун республика ўқув-тарбия муассасаси ва Ўғил болалар учун республика ўқув-тарбия муассасасини ёпиш кўзда тутилган.
Уларнинг ўрнига давлат муассасаси шаклида Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция қилиш маркази ҳамда унинг Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги ҳудудий бўлинмалари очилади.
Зўравонликдан жабрланган болалар ва уларнинг оилалари учун ижтимоий хизматлар
2026 йил 1 мартдан «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) учун «Меҳрли оила» хизмати ташкил этилади.
Хизмат Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳузуридаги Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция қилиш маркази томонидан ташкил этилади. Ота-оналар у ерга Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) болалар масалалари бўйича комиссиялари қарори асосида жалб қилинади.
Уларга оила билан бузилган муносабатларни тиклаш, фарзандларининг психофизик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоийлашувига кўмаклашиш бўйича бепул оилавий терапия хизматлари кўрсатилади.
Фармонда таъкидланишича, ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар уларнинг хулқ-атвори, иқтидори ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда ўқув йили давомида туман (шаҳар) болалар масалалари бўйича комиссияси қарори билан Ижтимоий ҳимоя агентлиги йўлланмаси асосида муайян таълим ташкилотларига жойлаштирилиши мумкин. Қабул бепул, синовлар ва қўшимча имтиҳонларсиз амалга оширилади.
Ижтимоий хавфли аҳволдаги болани таътил вақтида ота-онасига қайтариш имкони бўлмаган тақдирда, «Инсон» марказлари ўқув жараёни бошлангунга қадар бундай болаларни вақтинчалик муқобил жойлаштириш чораларини кўради.
Ҳар йил якунида вазирлик ва идоралар ўз тасарруфидаги таълим ташкилотларига қабул квотасини тасдиқлашда ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар учун 5 фоизгача миқдорда қўшимча квота ажратадилар.
Герцен университети филиали Ижтимоий ҳимоя агентлигига ўтказилади
А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги тузилмасига ўтказилади.
Филиалда фаолиятнинг қўшимча йўналишлари очилади:
- инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика, адаптив спорт, ҳаёт фаолиятининг турли соҳаларида ижтимоий иш, оилалар ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш;
- инклюзив ва махсус таълим, адаптив спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика ва адаптив спорт йўналишларида тадқиқотлар ўтказиш;
- ушбу йўналишлар бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек, стандартлар экспертизасини ўтказиш.
Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг янги функциялари
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юклатилди:
- болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, ҳудудий комиссиялар томонидан кўрилаётган чоралар самарадорлигини ўрганиш;
- оилада болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича ота-оналарнинг масъулияти ва ҳаётий кўникмаларини ошириш чоралари самарадорлигини мунтазам муҳокама қилиб бориш;
- қўшимча квота асосида таълим ташкилотларига қабул қилинган ижтимоий хавфли аҳволдаги болаларнинг хулқ-атвори ва ўзлаштиришини мунтазам таҳлил қилиш.
Электрон ҳисоб ва маълумот алмашиш
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш жараёнларига замонавий ахборот технологиялари жорий этилади, дейилади фармонда.
2026 йил 1 апрелга қадар ижтимоий ҳимоянинг ягона ахборот тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, зўравонлик содир этган ёки зўравонлик содир этишга мойиллиги бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган Ягона электрон платформани ишлаб чиқиш топширилди.
Платформа давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, шунингдек, фуқароларнинг 112 қисқа рақами орқали қўнғироқларини қабул қилиш ва «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали уларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш имконини берувчи Ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинади.
Қўшимча равишда, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик фактлари бўйича ягона статистик ҳисоб ва ҳисобот юритиш, уларни статистика органларига тақдим этиш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича чоралар кўрилишининг ҳар бир босқичини кузатиб бориш имконияти яратилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар ва юристларни ўқитиш, маърифий кампаниялар
2026 йил 1 февралдан бошлаб суриштирувчилар, терговчилар, прокурорлар ва судьялар, Ижтимоий ҳимоя агентлиги ходимлари, шунингдек, зўравонликдан жабрланган болалар билан ишловчи адвокатларни суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида болалар билан ишлашнинг махсус услублари бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитиш ташкил этилади. Бунга миллий ва хорижий экспертлар жалб қилинади.
Жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка тоқат қилмаслик муҳитини шакллантириш ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган материалларни жойлаштириш орқали жамоат жойларида, хусусан, соғлиқни сақлаш муассасалари ва барча таълим ташкилотларида кенг қамровли ахборот кампанияларини ўтказиш режалаштирилган.

