Болалар келажагини ҳимоя қилиш учун наркожиноятларга қарши кураш кучайтирилади — Президент фармони

Ўзбекистонда болалар ва ёшларнинг «келажагини ҳар томонлама ҳимоя қилиш» наркотик воситалар ва психотроп моддалардан асраш барча даражадаги давлат органлари, ташкилотлар ва муассасаларнинг долзарб вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 3 ноябрдаги фармонида айтилган. Ҳужжат ижросини назорат қилиш давлат раҳбари ўз маъмурияти раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклади.

Фармон наркоманияга қарши курашиш, шунингдек, унинг сабаби сифатида кўрсатилган уюшган наркожиноятчиликни тугатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни (норматив-ҳуқуқий, тезкор-профилактик ва ташкилий-тарбиявий) белгилаб беради.

2025 йил 3 ноябрдаги Президент ҳузуридаги йиғилишда йил бошидан буён Ўзбекистонда 11 мингдан ортиқ наркожиноятлар аниқлангани ва қарийб 2,5 тонна наркотик воситалар мусодара қилингани хабар қилинганди. Давлат раҳбари ҳар йили наркожиноятларнинг янги шакллари ва усуллари пайдо бўлаётгани, уларнинг қамрови кенгайиб бораётгани, бу эса наркожиноятчилик ва наркоманияга қарши курашни кечиктириб бўлмайдиган комплекс ташкил этишни талаб этишини таъкидлади.

Устувор вазифалар

Ушбу соҳадаги давлат органлари ва масъул ташкилотларнинг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • таълим муассасаларида, ўқувчилар ва талабалар ўртасида психоактив моддалар тарқалишига тўлиқ барҳам бериш, шунингдек, ёшларда наркоманияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали наркотик воситалар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасини бартараф этиш, бу йўналишда жазо чораларини тубдан кучайтириш, шунингдек, ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни ошириш;
  • наркотик воситаларни олиб кириш йўналишлари, уларни интернет орқали тарқатиш, ноқонуний нарколабораториялар ва наркожиноий ҳамжамиятларни, жумладан, уларга ҳомийлик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш, уларнинг фаолиятига чек қўйиш ва жазонинг муқаррарлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини йўлга қўйиш;
  • наркотик воситаларни тайёрлаш учун фойдаланилиши мумкин бўлган кимёвий моддалар (прекурсорлар) айланмаси устидан қатъий давлат назоратини ўрнатиш, тиббий мақсадларда наркотик воситалардан фойдаланадиган тиббиёт муассасалари, фармацевтика корхоналари ва дорихоналар фаолиятини назорат қилиш амалиётига рақамли ечимларни жорий этиш;
  • аҳоли, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида наркомания ва токсикоманияни ташхислаш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш.

Жазони кучайтириш

2025 йил охиригача наркотик воситалар айланмасини тартибга солиш механизмларини, шунингдек, наркожиноятларнинг олдини олиш ва фош этишда давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ жавобгарлигини белгилаб берувчи «Наркотик воситалар ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак.

Жиноят-ҳуқуқий механизмлар орқали уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини «мутлақо янги даражага олиб чиқиш» мақсадида Жиноят кодексига алоҳида янги «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар» бўлимини киритиш режалаштирилган.

Наркожиноятларнинг янги шакллари, усуллари ва уюшганлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидаги ҳаракатлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи жиноий жавобгарлик жорий этилади:

  • наркожиноий ҳамжамият фаолиятини ташкил этиш ва таъминлаш, шунингдек, наркотик воситаларни трансчегаравий усуллар билан уюшган гуруҳ томонидан ёки интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда сотиш;
  • ҳокимият ваколатларини (мансаб ваколатларини) суиистеъмол қилиш йўли билан наркотик воситаларнинг ноқонуний айланмасига ҳомийлик қилиш ёки бундай жиноятларнинг фош этилишини огоҳлантириш мақсадида маълумотларни узатиш;
  • ноқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш.

Жамоат жойларида наркотик воситаларни истеъмол қилиш учун 15 суткагача маъмурий қамоққа олишни назарда тутувчи маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

Қуйидаги ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик чоралари икки баравар оширилади:

  • наркотик воситаларни катта миқдорда сотиш мақсадида тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни катта миқдорда ҳар қандай усулда ноқонуний сотиш;
  • кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим муассасаларида, озодликдан маҳрум этиш жойларида, интернетдан фойдаланган ҳолда, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритиш, шунингдек, уларни катта миқдорда контрабанда қилиш;
  • айрим тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни катта миқдорда ноқонуний муомалага киритиш (сотиш мақсадини кўзламай) ва такроран ноқонуний муомалага киритиш;
  • наркотик воситаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб қилиш, бу одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши.

Вояга етмаганлар ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар:

  • вояга етмаганларга нисбатан ёки уларни жалб қилган ҳолда ҳар қандай наркожиноят содир этилишини жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида тан олиш;
  • вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилиш учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни ўрнатиш;
  • кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, талабалар ётоқхоналарида, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда сотиш учун жиноий жавобгарлик чораларини икки баравар ошириш;
  • вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни айнан таълим ташкилотларида, талабалар ётоқхоналарида, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда истеъмол қилишга жалб қилиш учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи жиноий жавобгарликни жорий этиш.

Бундан ташқари, наркожиноятларнинг айрим турларини содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилишни қўлламаслик тартиби жорий этилади.

Президент ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссияга афв этиш бўйича маҳкумларнинг мурожаатларини ўрганишда давлат, жамият ва шахс учун хавфнинг жиддийлигига, шунингдек, аҳоли генофондига қарши содир этилган ҳар қандай жиноятнинг ўта оғир оқибатларининг юзага келиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

Режалаштирилган чора-тадбирлар қандай амалга оширилади

Фармон билан 2025−2026 йилларга мўлжалланган Наркомания ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича комплекс амалий ҳаракатлар Миллий дастури тасдиқланди.

Президент Администрацияси ҳузурида Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи тузилди. Унга Президент Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги департаменти бошлиғи ўринбосари Сергей Гордеев ва Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Баҳодир Тошматов раҳбарлик қилди. Дастурнинг ижроси тўғрисида ҳар чоракда Президентга ҳисобот бериб борилади.

Давлат органлари, идоралари ва маҳаллий ҳокимликларнинг биринчи раҳбарларига дастурни амалга ошириш ва аниқ натижаларга эришиш учун шахсий жавобгарлик юкланди. Улар ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминламаган тақдирда, ишдан бўшатишгача бўлган қатъий чоралар ҳақида огоҳлантирилди.

Саноат ва тиббиётда қўлланиладиган кимёвий моддаларнинг синтетик наркотиклар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний тайёрлашга кириб боришининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда айланмаси чекланган прекурсорлар рўйхатини кенгайтириш ва уни соддалаштирилган тартибда тезкор янгилаш механизмларини жорий этиш режалаштирилган.

Ҳукуматга ноқонуний наркотик воситалар айланмаси билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган ёки уларни аниқлашга ёрдам берган фуқароларни «муносиб» рағбатлантириш тартибини тасдиқлаш топширилди.

2025 йил охиригача ички ишлар органларининг барча профилактика инспекторларини маҳаллаларда ноқонуний нарколабораториялар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда қадоқлаш цехларини аниқлаш бўйича ўқитиш режалаштирилган. Бунинг учун улар тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда наркотик воситалар намуналарини экспресс-текшириш учун замонавий техник воситалар билан таъминланади.

Келгуси йилда ёшлар ўртасида сунъий интеллект технологиялари ёрдамида интернетдаги наркодўконлар ва наркотик моддалар тарқатиш ҳолатларини аниқлаш ва блоклаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш учун хакатон ўтказиш режалаштирилган. Энг мақбул таклифлар амалиётга жорий этилади.