
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова 24 февраль куни Қонунчилик палатаси йиғилишида Фарғона вилоятида 62 нафар боланинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ вазият назоратга олинганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, омбудсманнинг минтақавий вакили воқеа жойига етиб борган, ҳужжатлар таҳлили ва терговга қадар текширув ҳаракатлари доирасида ўрганиш ўтказилмоқда.
Раҳмонова бу каби ҳолатлар тизимли хусусиятга эга эканини ва аввалроқ мамлакатнинг бошқа ҳудудларида, жумладан, 2025 йилда Тошкент вилоятида ҳам қайд этилганини таъкидлади.
«Бундай ҳолатлар Республиканинг турли ҳудудларида кузатилмоқда ва бир марта эмас, балки тизимли равишда содир бўлмоқда. Жумладан, 2025 йилда Тошкент вилоятида шунга ўхшаш вазият қайд этилган бўлиб, унда кўп сонли болалар жабрланган эди», — деди Сурайё Раҳмонова.
Унинг қўшимча қилишича, аввалроқ Фориш туманидаги тўртта мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган текширув озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилганини кўрсатган. Бундан ташқари, ушбу муассасаларга хизмат кўрсатувчи аутсорсинг ва кейтеринг ташкилотлари томонидан санитария-гигиена нормалари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
«Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ушбу масала юзасидан позицияси шундан иборатки, болаларнинг оммавий овқатланиш тизимида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун овқатланиш хавфсизлиги стандартларига риоя этилиши устидан қатъий ва алоҳида сифат назоратини ўрнатиш зарур. Гап фарзандларимиз саломатлиги ва моҳиятига кўра миллат генофондининг соғлиғи ҳақида бормоқда», — деди Сурайё Раҳмонова.
Болалар омбудсмани болаларнинг оммавий овқатланиш тизимида овқатланиш сифати назоратини кучайтириш ва сифатсиз маҳсулот етказиб берувчиларнинг жавобгарлигини ошириш, ҳаттоки уларнинг кейинги фаолиятига чекловлар қўйиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Таҳлил материаллари соҳавий идораларга юборилган, текширув якунлари бўйича ишлар давом эттирилади.
Бошқа гуруҳли касалланиш ҳолатлари ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Ўрманбеков сўзлаб берди.
Унинг маълумотларига кўра, 2025 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги битта давлат боғчасида 17 та гуруҳли касалланиш ҳолати қайд этилган. Тошкент вилоятидаги 82 та давлат мактабгача таълим ташкилотида эса 1922 та гуруҳли касалланиш ҳолатлари кузатилган.
Ҳозирда Фарғона вилоятидаги 4 та боғчада касалланиш фактлари бўйича текширув ўтказилмоқда. Мутахассислар жойида ишламоқда, якуний натижалар ҳали эълон қилинмаган.
«Давлат мактабгача таълим ташкилотларида қайд этилган барча овқатдан заҳарланиш ҳолатлари овқатланиш тадбиркорлик субъектлари томонидан таъминлангани билан боғлиқ. Бугунги кунда уларнинг фаолияти алоҳида назорат тартиби билан тартибга солинади», — деди Фарҳод Ўрманбеков.
Президентнинг 2021 йил 15 сентябрдаги фармонига (ПФ-6314) мувофиқ, тадбиркорлар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилади. Бунинг учун 2022 йил 1 ноябрдан буён Ягона давлат назорат ахборот тизими ишлаб турибди.
«Барча текширувлар ушбу тизим орқали ўтказилади ва натижалар ҳақидаги маълумот текширув тугаганидан кейин уч кун ичида тизимга киритилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу тизимда рўйхатдан ўтмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади», — деди қўмита вакили.
Санэпидқўмита келажакда бундай вазиятларнинг олдини олиш мақсадида боғчалар ва уларга хизмат кўрсатувчи компаниялар билан профилактика ишларини кучайтириш ниятида эканини билдирди.
Аввалроқ Фарғонадаги учта боғча (2, 58 ва 61-сонли) тарбияланувчилари «алиментар этиологияли ўткир диарея касаллиги» ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. У ерда болалар овқатланиши Қувасойнинг Garden Catering Trade компаниясига аутсорсингга берилган бўлиши мумкин.
2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Бўка, Пскент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларидаги давлат боғчаларининг 1000 дан ортиқ тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган эди. Боғчаларга овқатланишни ташкил этиш бўйича учта аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатган бўлиб, улар сут-қатиқ маҳсулотларини Оққўрғондаги Shark Milk Product корхонасидан сотиб олган.