«Мақсад — Тошкентни болалар контенти ишлаб чиқариш хабига айлантириш» — Саида Мирзиёева

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева жума куни The Walt Disney компанияси вице-президенти, «Эмми» мукофотининг 7 карра лауреати Хайма Вашингтон билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

«Мақсадимиз — Ўзбекистон пойтахтини болалар контенти ишлаб чиқариш бўйича минтақавий хабга айлантириш. Голливуд мутахассислари билан ҳамкорликда аниматорлар, режиссёрлар ва сценаристларнинг янги авлодини тайёрлашни режалаштирмоқдамиз», — деб маълум қилди Саида Мирзиёева Ўзбекистон томонининг режалари ҳақида.

«Биз компаниянинг Марказий Осиёдаги ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш ва ўзбек тилидаги тўлақонли болалар контентига эга телеканални ишга туширишга қизиқиш билдирдик», — дея таъкидлади.

Таклиф этилган бошқа лойиҳалар қаторида халқаро компаниялар учун имтиёзли шароитларга эга Cinema Park креатив паркини ташкил этиш, шунингдек, минтақада туризмнинг янги драйверига айланиши мумкин бўлган «Диснейленд» тематик паркини қуриш бўйича узоқ муддатли ғоя ҳам бор.

Саида Мирзиёева қайд этганидек, Хайма Вашингтон «мамлакатдаги ислоҳотларга қизиқиш билдирди ва ташаббусларимизни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди».