
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни миллий болалар контентини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжат “болаларни миллий ўзига хосликка зид бўлган контентнинг салбий таъсиридан, шунингдек, уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотлардан ҳимоя қилиш, уларни таълим, касбга йўналтириш ва юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга жалб этишга” қаратилган.
Ўзбекистонда болалар учун миллий контентни яратиш ва оммалаштириш, жумладан, аудио-визуал ва бадиий асарлар, нашриёт ва рақамли маҳсулотларни яратиш режалаштирилган. Бундай контентни таълим ва тарбия дастурларига интеграция қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, хорижий контентнинг болалар аудиториясига таъсири мунтазам равишда таҳлил қилинади, зарарли тенденциялар ва хавфли челленджлар аниқланади, шунингдек, хавфсиз ахборот муҳити яратилади.
Миллий болалар контенти соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш учун болалар учун миллий контент яратиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади, унга президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева раҳбарлик қилади.
Кенгаш болалик соҳасидаги давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади, давлат органлари ва ташкилотларининг болалар контентини яратиш, тарқатиш ва тарғиб қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, соҳа вакилларига, тадбиркорларга ва фуқаролик жамияти институтларига кўмаклашади.
Бундан ташқари, кенгаш болаларда маънавий қадриятларга ҳурматни шакллантиришга қаратилган контент яратиш концепциясини, болалар онгини ва дунёқарашини зарарли ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича миллий медиа-стратегияни, махсус мультимедиа ва ахборот лойиҳаларини ишлаб чиқади.
Ушбу орган, шунингдек, болаларга қаратилган ташқи ва ички ахборот таҳдидларини таҳлил қилади, уларнинг олдини олиш чораларини кўради ва болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратади, болалар контентини яратишни молиявий қўллаб-қувватлаш учун давлат ва хусусий сектор маблағларини, шунингдек, халқаро грантларни жалб этишни таъминлайди ва бошқалар.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси хорижий контентнинг болаларга таъсирини таҳлил қилиш, ўзбек тилига таржима қилиш учун энг фойдали материалларни танлаш, уларни оммавий намойиш этиш ва болалар контентини яратишга хорижий мутахассисларни жалб этиш этиб белгиланди. Марказ директори этиб режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов тайинланган.
2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача:
- йиллик даромадининг камида 80% болалар учун контент яратиш ҳисобидан шаклланадиган юридик шахслар, шунингдек, марказ фойда солиғидан озод этилади ва ижтимоий солиқни 1% ставкада тўлайди;
- юридик шахсларга фойда солиғини ҳисоблашда болалар контентини яратиш билан боғлиқ харажатларни чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади;
- юридик шахслар ва марказ томонидан болалар контентини яратишда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммалари солиқ ҳисоботи тақдим этилгандан сўнг давлат бюджетидан тўлиқ қайтарилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ушбу имтиёзларни миллий фильмлар ва сериаллар ишлаб чиқарувчиларга ҳам кенгайтириш вазифаси юклатилди.
Президент, шунингдек, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, ФВВ, Рақамли технологиялар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Маҳалла уюшмаси, Солиқ қўмитаси ва бошқаларни ўз ичига олган ҳолда, болалар учун миллий контент яратишни молиялаштириш учун маблағ ажратишга масъул бўлган 21 та вазирлик ва идоралар рўйхатини тасдиқлади.
Болалар контентини ривожлантириш маркази ижодий танловлар ва экспертлар гуруҳининг қарорлари асосида болалар контентини яратиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузади. Буюртмаларни бажарувчи ишлаб чиқарувчилар 2030 йил 1 январгача яратилган контентни мустақил равишда сотиш ҳуқуқига эга бўладилар ва шартномага мувофиқ, прокатдан тушган даромаднинг 50%ни ўз фаолиятини марказ билан келишилган ҳолда ривожлантиришга йўналтирадилар.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 сентябргача Қорақалпоғистоннинг “Баркамол авлод” болалар мактабида, 2026 йилдан эса босқичма-босқич барча вилоят ва шаҳар “Баркамол авлод” мактабларида иқтидорли болаларни саралаш ва ривожлантириш учун креатив индустрия йўналишида тўгараклар ташкил этади.
Рақамли технологиялар ва контент яратиш соҳасидаги касбларга қизиқиш билдирган ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Рақамли авлод” лойиҳаси амалга оширилади. Унинг доирасида ҳар йили IT-лагерь, мавзули ҳафталиклар, танловлар, “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Ушбу тадбирларнинг республика босқичи ғолиблари хорижга ўқув сафарларига юборилади.